Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:21

Улар эссиз кетган йигитлар…


Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида 20 нафар ёш йигит устидан, адвокатлар ва айбланувчиларнинг яқинлари фикрича, адолатсиз ва жуда қаттиқ ҳукм чиқарилди.

Улар 22 дан 30 ёшгача бўлган йигитлар. Аксарияти бола-чақали, елкасига рўзғор ташвишлари тушган йигитлар. Уларнинг ҳаммаси бир маҳаллада - Тошкентнинг Ҳамза туманида яшаган. Улар 5 йилдан 17,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Улар Баҳром Султонов, Собиржон Раҳмонов, Шуҳрат Жалолов, Дилмуродхўжа Аъзамов, Қаҳрамон Тўрақулов...

Бу йигитлар Жиноят кодексининг терроризм, конституциявий тузумга тажовуз, босқинчилик, қўпорувчилик каби кўплаб моддалари бўйича айбдор топилди. Суд ҳукми ўқиладиган кун ўша ерда ҳозир бўлган ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларидан бири: “Бу ерга гуноҳсизлар олиб келинмайди. Гуноҳ иш қилибдики, қамалади”, - деб айтган эди.

Аммо йигитларни яхши билган маҳалладошлари ички ишлар ходимининг бу гапларига қўшилмаяпти.

“Мен бу йигитларнинг нафақат ваҳҳобий ёки террорчи бўлганини, ҳатто биров билан уришганини ҳам кўрмаганман. Уларнинг бор-йўқ айби намоз ўқигани”, - дейди айбланувчиларга маҳалладош йигитлардан бири.

Бу йигитнинг сўзларига қараганда, у билан синфдош бўлган Шуҳрат Жалолов ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

“Шуҳрат Кадишевдаги бозор бузилиб, ишсиз қолгани учун ишлагани Москвага кетган эди. Чунки унинг отаси йўқ. Оилада ишга яроқли фақат у. Москвага бориб иш топа олмай, 17 кунда қайтиб келди. У Москвада террорчилар билан учрашганликда айбланди”, - дейди маҳалладош йигит.

Улар 22 дан 30 ёшгача бўлган йигитлар. Уларнинг ҳаммаси бир маҳаллада яшаган. Улар 5 йилдан 17,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди...

Улар Бахтиёр Усмонов, Саидазизхон Тўрахонов, Абдулазиз Йўлдошев, Акбар Холиқов, Мирқаюм Қосимов...

Суд ҳукми ўқиб эшиттирилгандан сўнг оналар фарзандларининг гуноҳсиз экани ҳақида гапирди. Улар адолат йўқлигидан, болалари фақат намоз ўқигани учун қамалаётганидан норози бўлиб гапирди.

Улар 22 дан 30 ёшгача бўлган йигитлар. Уларнинг ҳаммаси бир маҳаллада яшаган. Улар 5 йилдан 17,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди...

Улар Адҳамжон Усмонов, Умид Мададқулов, Хайриддин Нормуҳаммедов, Муроджон Дадаев, Равшан Ашурматов...

Маҳалладош йигитнинг сўзларига кўра, бир маҳалланинг ўзидан 20 йигит қамалгандан сўнг бу ердаги намозхон ёшлар жуда қўрқиб қолган. Илгари Ғалабанинг 40 йиллиги мавзесидаги масжидга жуда кўп ёшлар келган. Бироқ 20 йигит ҳибсга олингандан сўнг масжидга келадиганлар сони кескин камайган. Ҳатто кўпчилик намоз ўқиса қамалишидан қўрқиб, намоз ўқишни бас қилган.

Улар 22 дан 30 ёшгача бўлган йигитлар. Уларнинг ҳаммаси бир маҳаллада яшаган. Улар 5 йилдан 17,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди...

Улар Камолиддин Баҳодиров, Музаффар Шоиноятов, Фарҳод Эгамбердиев, Шерзод Ражабов, Ботир Усмонов...

Ўзбекистон қонунчилиги бу йигитларни айбдор, деб топди. Оналар эса ҳукм адолатсизлигидан куюняпти.

“Уларни кўчада чўнтагига варақа тиқиб, ҳибсга олишган. Уларнинг айбини тасдиқловчи далил, гувоҳлар йўқ”, - дейди оналар.

Улар 22 дан 30 ёшгача бўлган йигитлар. Уларнинг ҳаммаси бир маҳаллада яшаган. Улар 5 йилдан 17,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди...
XS
SM
MD
LG