Линклар

Ўлимга маҳрумларнинг оналари дўзах азобини бошдан кечиради


Феруза Аслида Тошкентда туғилиб, кейинчалик Россияга кўчиб кетган, аммо тақдир тақозоси билан 1993 йилда юртига қайтган Тамара Чикунова Ўзбекистонга қайтган кунини умрбод лаънатлаб ўтмоқда.

У 1999 йил 17 апрелгача ёлғиз жигарбанди Дмитрий билан бир оила ҳавас қилса арзигулик ҳаёт кечираётган эди. Бироқ 17 апрелда фарзанди қандайдир тушунтириш хати ёзиш учун ярим соатга ички ишлар бўлимига чақирилганда Тамаранинг ҳақиқий дўзах азоблари бошланади.

Шу кундан бошлаб у ўғлини 6 ой давомида кўрмайди ва бу йўлда ниманидир аниқлаш учун бошлаган барча хатти-ҳаракатларига фақат ҳақорат, таҳқирлаш ва мавҳумлик жавобини олади. Суд жараёнида ўғлининг айбини исботловчи бирон далил-исбот келтирилмайди. Бироқ судланувчининг ўз айбига шафқатсиз қийноқлар остида иқрор бўлганини тасдиқловчи кўп далиллар келтирилса-да, улар инобатга олинмайди.

Дмитрий Чикунов 28 ёшида ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бундан-да даҳшатлиси, у онаизори билан учрашувга чиққани айтилиб, қатл этилади. 2000 йил 11 июлда фарзанди билан навбатдаги учрашувга борган она эса ўғлининг қатл қилингани хабарини эшитиб, донг қотади. Унинг учун ҳаёт тўхтаб қолгандек туюлади. Бироқ орадан икки ой ўтар-ўтмас ҳаёти ағдар-тўнтар бўлган бу аёл “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилотини тузишга ўзида куч топа олди.

“Мен яккаю-ягона фарзандимни йўқотиш, унинг қаерда дафн этилганини билмаслик даҳшатларини бошдан кечирдим. Мен Ўзбекистон ҳукумати нима сабабдан ўғлимни ўлим жазосига ҳукм этганини, нега унга охирги учрашув имкони берилмаганини аниқлаш йўлида олиб борган ҳаракатларим давомида ўзимга ўхшаган оналар кўплигини кўрдим. Шунинг учун менинг азобларим бошқаларнинг бошига тушмаслиги учун кураш бошладим”, - дейди Т.Чикунова.

Унинг таъкидлашича, инсон дунёга яшаш ҳуқуқи билан туғилади. Аммо Ўзбекистон ҳукумати ўз қонунлари билан кафолатланган қотилликни амалга оширяпти.

“Ким оғирроқ жиноят содир этади, - дейди Т.Чикунова, - билар-билмас жиноят содир этган кишими ёки ўз қонунлари билан хатти-ҳаракатини оқлаб, қасддан одам ўлдирадиган ҳукуматми? Мамлакат Жиноят кодексидаги тегишли моддаларда 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниш ёки ўлим жазоси қўлланилиши белгиланган. Кимга ва қандай ҳолатда бу моддалар бўйича ўлим жазоси қўлланишига эса ҳеч қаерда изоҳ йўқ. Бу ҳолат ҳукумат жамиятда порахўрлик учун кенг йўл қолдирганидан англатади аслида”.

Т.Чикунова Ўзбекистонда ўлим жазоси дарҳол бекор қилиниши тарафдоридир. Унинг айтишича, мамлакатда ўлим жазоси кўп қўлланилади ва ижроси шубҳали равишда тез амалга оширилади. Ўлим жазоси билан боғлиқ ҳар қандай маълумот давлат сири ҳисобланади.

Фарзандининг ўлим жазосига ҳукм қилинганини эшитиш, у билан сўнгги бор кўришиб турганини ҳис этиш маҳкумнинг яқинлари учун қанчалик даҳшатли эканини тошкентлик Матлуба Худойберганова ҳам бошдан кечирмоқда. Унинг жигарпораси Искандар 1999 йил 16 февраль портлашларидан сўнг террорчиликда айбланиб қамалган ва уч йилдан буён ўлимга маҳкумлар камерасида сақланмоқда.

“Йиғлайвериб кўзимда ёш қолмади. Нима қилишни, кимдан охирги нажот кутишни ўйлаш она учун дўзах азобидан ҳам даҳшатли. Ёшгина келинимга, ўғлимнинг 2 норасида гўдагига нима дейишни билмайман”, - дейди М.Худойберганова.

М.Худойберганова ҳам Т.Чикунова сингари Ўзбекистонда ўлим жазосига асоссиз ҳукм этилаётганлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани, бундай ҳукм ўқилган шахснинг ўлим жазосига қанчалик муносиб эканини ўрганиш жуда зарурлигини таъкидлади.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти Ўзбекистонда ўлимга ҳукм этилган 18 фуқарога нисбатан жазони ўзгартиришга эришган.

Т.Чикунова ва у раҳбарлик қилаётган ташкилот вакиллари Андижон воқеаларидан кейин жуда кўп кишига нисбатан ўлим жазоси қўлланилиши мумкинлигидан қаттиқ ташвишга тушмоқда. Улар ўлим жазоси қўлланилиши мумкин бўлган моддалар билан айбланаётганларнинг яқинларига кўмак бериш истагида эканини билдиряпти.
XS
SM
MD
LG