Линклар

Ҳокимлик вакиллари милиционерни калтаклади


Тўлқин 8 июль куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи милиционер Бойназар Худойназаров коммунал хизматлар ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан тўқнашувда жиддий жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.

Тошкентда шаҳарни ободонлаштириш баҳонасида кўп қаватли тураржойлар олдидаги боқчалар, қўшимча қурилишлар бузиб ташланаётгани майорнинг оиласини ҳам четлаб ўтмади. 8 июль куни ана шундай “ободонлаштирувчи” гуруҳ Чилонзорнинг 6-мавзесидаги 23-уйнинг 14-хонадонидаги қўшимча қурилишни бузишга келганида Б.Худойназаров уйида йўқ эди.

Гуруҳ аъзоларига дастлаб майорнинг аёли Гулшан Хуррамова дуч келди. Ҳозир шифохонада бўлган Г.Хуррамова “уй бузувчилар” унга қўпол муомалада бўлгани, ҳатто куч ишлатганини билдирди.

“Уйни бузманглар деганимда мени итариб ташлашди ва деворга урилдим. Шу пайтда хўжайиним келиб қолди. Ўртада жанжал чиқди. Бузувчилардан бири хўжайинимни уриб кетди”, - деди Г.Хуррамова.

Шифокорлар Г.Хуррамовага мия чайқалиши ташхисини қўйган. Ушбу тўқнашувда оғир жароҳат олиб, Ички ишлар вазирлиги госпиталига олиб келинган хонадон соҳиби Б.Худойназаровнинг сўзларига қараганда, у “ободонлаштирувчилар” лом билан уйини бузаётгани, бунга қаршилик қилаётган хотинини ҳақоратлашаётгани устида келиб қолган.

“Мендан уйнинг ҳужжатларини сўрашди. Бурилганимдан сариқдан келган бақувват йигит чап қулоғим томонга уриб, мени ерга йиқитди. Иккинчиси лом билан бошимга ураман деганида қўлим билан ҳимояланиб қолдим. Ётган жойимда тепкилаб кетишди. Қўшнилар ажратиб олди. Улар эса қочиб кетди”, - деди майор.

Милиционернинг айтишича, оиласида 5 киши бўлиб, 10 йилдан буён бир хонали, балконсиз уйда яшайди. Кичкина уйда 5 кишининг яшаши қийин бўлгани сабабли қўшнилар розилиги билан уйнинг орқа томонидан яна бир хонали иморат қўшган.

Қўшнилар ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу қўшимча иморатни қуришда ўзларининг розилиги олинганини тасдиқлади. Улар Б.Худойназаров чиқинди босиб ётган жойни ободонлаштирганидан хурсандлигини қўшимча қилди.

Майор коммунал хизматлар ва ҳокимлик вакиллари билан тўқнашувда билаги ва кўрсаткич бармоғи сингани, зарба оқибатида боши ва ички аъзолари лат еганини маълум қилди.

“Мен 20 йилдан кўпроқ вақтдан буён ички ишлар идораларида ишлаб келяпман. Бундай одамларни биринчи кўришим. Кейин билсам улар ичиб олган экан. Буни қўшнилар ҳам тасдиқлади”, - деди Б.Худойназаров.

Б.Худойназаров хизмат қиладиган Ўзбекистон ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси бошлиғининг шахсий таркиб бўйича ўринбосари полковник Муид Фозилов майор билан содир бўлган воқеани ўрганганини, унинг уйини бузишга келганлар ноқонуний ҳаракат қилганини таъкидлади.

Чилонзор тумани ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 8 июль куни “бузувчи гуруҳ” вакилларидан бири Суннат Исаев ҳам Б.Худойназаров билан бўлиб ўтган жанжалда тан жароҳати олгани юзасидан бошқармага мурожаат қилган.

Бошқарма вакиллари мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG