Линклар

logo-print

Йўқолганлар ҳақида расмийлар нега жим?


Феруза Андижон воқеалардан сўнг мамлакат расмийлари ҳалок бўлганлар, ярадорлар сони ҳақида бир неча марталаб маълумотлар бераётган бўлса-да, йўқолиб қолганлар ёки бедарак кетганлар ҳақида лом-мим дейилаётгани йўқ.

Куни-кеча Андижон вилояти прокурори Баҳодир Деҳқонов Тошкентдан ташриф буюрган дипломатик корпус вакилларига Андижон воқеалари қурбонлари ҳақида янги маълумотларни тақдим этди.

Унинг айтишича, Андижон воқеалари чоғида жами 187 киши ҳалок бўлган, улардан 94 нафари “террорчи”, 20 таси ҳуқуқ-тартибот ходими, 11 нафари ҳарбий, 57 таси тинч аҳоли вакилидир.

Б.Деҳқонов ҳалок бўлган беш фуқаронинг шахси номаълумлигича қолаётгани, тергов жараёнида 14 киши ўз яқинлари томонидан яширин равишда кўмилгани аниқланганини билдирди.

Вилоят прокурори Андижон воқеаларидан сўнг йўқолиб қолган ёки бедарак кетганлар ҳақида лом-мим дегани йўқ. Аммо бу воқеаларнинг илк кунлариданоқ “Озодлик” радиосига қўнғироқ қилиб, яқинларини излаётганини билдирган кишилар жуда кўп бўлган эди.

Бу воқеалар вақтида йўқолиб қолганларни уларнинг яқинлари қидиряптими, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот ходимларига мурожаат этяптими каби саволларга Андижон вилояти прокуратурасидан жавоб олишнинг иложи бўлмади. Шунингдек, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Андижон прокурори берган маълумотларга бирор нарса қўша олмаслигини билдирди.

Андижон шаҳри ички ишлар бўлими вакиллари эса бўлимга бу каби мурожаатлар бўлмаганини, Андижонда бундайлар деярли йўқлигини маълум қилди.

Бироқ андижонликларнинг ўзлари йўқолиб қолганлар кўпчиликни ташкил этишини айтмоқда.

“Одамлар жуда қўрқитилгани сабабли йўқолиб қолганларни излаб ички ишлар идораларига мурожаат қилмаяпти. Милициянинг илк саволи яқини акрамийларга алоқадорлиги хусусида бўлгани учун одамлар чўчиб қолган”, - деди андижонликлардан бири.

“Озод деҳқонлар” партияси бош котиби Нигора Ҳидоятова йўқолиб қолган яқинларини излашда ёрдам сўраб партияга мурожаат этаётганлар кўплигини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, ҳозир шундай мурожаат қилганлар сони 70 дан ошиб кетган.

Н.Ҳидоятова йўқолганларнинг исмларини эълон қила олмаслигини, чунки бу уларнинг яқинларига жабр бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг фикрича, йўқолганларнинг кўпчилиги ўлиб кетган. Уларнинг бедарак эканига сабаб 13-14 май куни отиб ташланган кишиларнинг ўликлари мазкур жиноятни яшириш учун зудлик билан йўқ қилинганидир. Шунингдек, баъзи кишилар яшириниб юрган бўлиши мумкин.

Т.Ёқубовнинг билдиришича, айни пайтда Андижонда инсон ҳуқуқлари фаолларидан деярли ҳеч ким қолмаган. Уларнинг аксарияти ҳибсга олинган. Ҳозир андижонликлар жуда қаттиқ қўрқув ва хавотир исканжасига тушган. Шу сабабли улар йўқолганларни қидиришдан кўра тирик қолган қариндош-уруғларининг хавфсизлигини ўйлашни афзал биляпти.
XS
SM
MD
LG