Линклар

Қашқадарёда яна оқсил пайдо бўлди


Фирдавс Қашқадарё вилоятининг бир неча ҳудудларида чорва моллари ўртасида оқсил касаллиги тарқалгани кузатилмоқда. Маҳаллий аҳоли бу касаллик деярли ҳар йили тарқалишини айтмоқда.

Қарши туманининг Бўстон қишлоғида яшовчи кишиларнинг сўзларига қараганда, молларнинг оғзидан сўлаги келиб, оёқлари оқсаб, оғиз қисмини яра босиб кетган. Ўтган йили қишлоқдаги қорамолларнинг деярли 90 фоизи оқсилга чалинганди. Бу йил ҳозирча онда-сонда учрамоқда.

Бўстонликлар моллари фақат кишиларнинг ўзлари елиб-югургандан кейингина эмланиши мумкинлигини билдирди. Бошқа ҳолларда эса мутахассислар бу ишга эътибор қаратмайди.

“Билишимизча, эмлаш баҳор-куз ойларида ўтказилиши керак. Афсуски, эмлаш ўтказилмади. Тегишли ташкилотларга мурожаат этганимиздан кейин мутахассислар аҳволни ўрганиб, оқсил ҳақиқатан ҳам борлигини аниқлади. Қишлоқдаги чорванинг бир қисми эмланди, холос”, - дейди бўстонликлар.

Вилоят ветеринария бошқармаси мутасаддилари Қашқадарёда оқсил сўнгги бор ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида қайд этилганини билдирмоқда.

Бошқарма юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Хайрулла Шоймардоновнинг таъкидлашича, чорва молларини эмлаш учун вакциналар етарли. Фақат одамлар ўз вақтида мутахассисларга мурожаат қилмайди.

Х.Шоймардонов айрим ҳудудларда шу кунларда ҳам эмлаш амалга оширилаётганини маълум қилди.

Бўстонликлар эса чорва моллари орасида оқсилдан ташқари қорасон, қизилча каби бошқа касалликлар ҳам учрашини айтмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятда одамлар ўртасида бруцеллёз касали ҳам кўпайган. Бу касаллик одамга чорванинг гўшти ва сути орқали юқади.
XS
SM
MD
LG