Линклар

logo-print

Маҳбус очлик эълон қилди


Феруза Тошкент қамоқхонасида сақланаётган Алишер Абдураҳмонов ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмидан норозилик сифатида очлик эълон қилиб, саккиз кундан буён бу акцияни давом эттиряпти.

Айбланувчининг адвокати Улуғбек Исоқовнинг сўзларига қараганда, А.Абдураҳмонов ҳукм адолатсиз бўлгани, айбига қийноқлар остида иқрор қилинганини айтиб, суддаёқ иши қонуний равишда кўриб чиқилмагунча очлик эълон қилишини билдирган.

1970 йилда туғилган тошкентлик А.Абдураҳмонов Жиноят кодексининг босқинчилик ва ўғирликка оид бир неча моддалари қўлланилиб, шу йилнинг 6 июлида Акмал Икромов тумани суди ҳукми билан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Айбланувчининг турмуш ўртоғи Маҳбуба Абдураҳмонова эри суд ҳукми ўқилгандан буён очлик акциясини давом эттираётганини маълум қилди. Унинг билдиришича, эри саккиз кундан буён ҳеч нарса еяётгани йўқ. У хотинига қамоқхонада ўзини уриб, қийнашаётгани айтган.

М.Абдураҳмонованинг ҳикоя қилишича, мебелсозлик билан шуғулланадиган эри 22 апрель куни оддий расмиятчилик баҳонасида Акмал Икромов тумани ички ишлар бошқармасига чақиртирилган.

“Терговга яқинларимиздан ҳеч ким чақирилмади ҳам, хабар ҳам берилмади. Унинг бўйнига йўқ айблар қўйилди”, - деди М.Абдураҳмонова.

И.Икромов ИИБ вакилининг айтишича, судга А.Абдураҳмоновга қўйилган айблар юзасидан етарли далил-исботлар тақдим этилган. Айни жиноят юзасидан жабрланганлар айбланувчини таниган ва унга қарши кўрсатмалар берган.

“Судда Абдураҳмоновнинг айби тўла исботланди ва адолатли ҳукм чиқарилди”, - деди ИИБ вакили.

А.Абдураҳмоновнинг рафиқаси ва адвокати қамоқхонада маҳкумнинг норозилик акциясига ҳеч қандай кўринишда жавоб қайтарилмаётгани, эътибор берилмаётганини билдирди.

“Озодлик” мухбири А.Абдураҳмоновнинг айни пайтдаги аҳволи юзасидан маълумот олиш учун Жазони ижро этиш бош бошқармасига боғланди. Аммо бошқарма масъуллари бундай маълумот тўғридан-тўғри берилмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG