Линклар

logo-print

Президентга билдирилган миннатдорлик ҳам зое кетдими?

  • Садриддин Ашур

21 кун давомида ҳибсда ушлаб турилгандан кейин бегуноҳ экани айтилган, ота-онаси бунинг учун телевидение орқали президентга миннатдорлик билдиргач, озодликка чиқарилган Аъзамжон Исмоилов яна қамоққа олинди.

А.Исмоилов Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи тадбиркор. Онаси Ҳожалхон ая Исмоилованинг сўзларига қараганда, 12 май куни кечқурун соат 10 да уларнинг уйига икки милиция ходими келиб, ўғли Аъзамжонга эртага Андижон шаҳри йўл хавфсизлиги бўлимига боришни тайинлаган. 13 май куни эрталаб Аъзамжон Андижон шаҳрига чиқиб кетгандан сўнг 21 кун давомида ундан бирорта дарак бўлмаган. Фақат 5 июнь куни яқинларига Андижон шаҳри ички ишлар бўлимидан қўнғироқ қилишиб, ўғлининг кийимларини олиб келишни тайинлашган. ИИБда Аъзамжон Исмоиловнинг гуноҳлари кечирилгани айтилиб, ота-онасидан бу ҳақда Ўзбекистон телевидениесига интервью бериш сўралган

“Биз ўғлим озод қилингани учун президентга миннатдорлик билдирдик. Бу интервью 3-4 марта телевидениеда кўрсатилди”, - дейди Ҳожалхон ая.

Онанинг айтишича, ўғлининг аслида ҳеч қандай гуноҳи йўқ. У 13 май куни эрталаб йўл хавфсизлиги бўлимига кетаётганида шу куни тунгги отишмалар пайтида ярадор бўлган аскарни шифохонага олиб боришга тўғри келган. Шу ерда Аъзамжон ҳибсга олинган. Гўёки унинг машинасидан детонатор ва автомат ўқлари топилгани маълум қилинган.

Ҳожалхон ая бу ашёлар ўғлининг машинасига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ташлаб қўйилган, деган фикрни билдирди.

Мазкур воқеа бўйича мониторинг олиб бораётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг таъкидлашича, ота-онаси телевидение орқали президентга миннатдорлик билдиргандан кейин 5 июнь куни Аъзамжон озод этилган. Аммо 9 июнда уйи тинтув қилиниб, Аъзамжон яна ҳибсга олинган.

С.Икромов А.Исмоилов устидан қўзғатилган жиноят иши қалбакилаштирилган, деб ҳисобламоқда.

Айни пайтда А.Исмоилов устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси тергов ўтказаётгани айтилмоқда.

Аммо Миллий хавфсизлик хизмати вакили Олимжон Тўрақулов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда А.Исмоиловнинг ҳибсга олинганини тасдиқловчи тарқатиш учун мўлжалланган маълумот йўқлигини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, А.Исмоилов авф этилган эмас, балки маҳалла фаолларининг кафиллиги остида ҳибсдан чиқарилган.

“Агар мазкур шахс ҳақиқатан ҳам қамоққа олинган бўлса, демак тергов идораларида эҳтиёт чорасини ўзгартиришга етарли асос бўлган бўлиши мумкин”, - деди О.Тўрақулов.
XS
SM
MD
LG