Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:19

Қашқадарёда аҳоли ариқдан сув ичмоқда


Фирдавс Қашқадарёда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ичимлик сув етиб ортса-да, тегишли коммуникация ривожланмагани, сувдан тўғри фойдаланиш йўлга қўйилмагани сабабли кўп ҳудудларда тоза сув таъминоти катта муаммо бўлиб турибди.

Вилоят аҳлининг салмоқли қисми чўл туманларида истиқомат қилади. Ёзда айрим жойларда аҳоли учун ягона сув манбаи экинларни суғоришда фойдаланиладиган ариқ ва каналлар суви бўлиб қолмоқда.

Қарши туманидаги Чўлибўстон қишлоғилик Маматқул Турсуновнинг сўзларига қараганда, бир йилдан ошдики, қишлоқ аҳли ариқ сувини қайнатиб ичишга мажбур бўлмоқда. Ҳолбуки, Таллимаржон сув омборидан келадиган канал суви ичишга мутлақо яроқсиз. Шунинг учун аҳоли орасида турли касалликлар кўпаймоқда.

Қишлоқдаги уй-жой мулкдорлари ширкати ходими Аюб Исаев аҳолини ичимлик сув билан таъминлашга ҳаракат қилинаётгани, аммо бунинг натижаси бўлмаётганини билдирди.

Вилоят “Оқова сув” корхонаси муҳандиси Аҳмад Умаровнинг таъкидлашича, ичимлик сув таъминоти иқтисодий муаммолар билан боғлиқ. Аҳоли сув учун вақтида пул тўламайди. Натижада сув таъминотида узилишлар бўлади.

Тоза ичимлик сув муаммосига фақат чўл туманлари ёки қишлоқлар аҳли эмас, балки Қарши шаҳрида яшовчилар ҳам рўбарў бўлмоқда. Мактаблар, корхоналар, шифохоналарда сув тақчиллиги яққол сезилади.

Ўзбекистонда сил касаллиги тарқалиши олдини олишга қаратилган ДОТС дастури бўйича вилоят сил касаллиги диспансерида ишлаётган “Дамиен фонд Бельгия” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Осман Элтаибнинг айтишича, диспансер учун сув тақчиллиги энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса шифокорларнинг ишини янада қийинлаштираётир.
XS
SM
MD
LG