Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:11

Қирғизистон қайси йўлдан боради?


Тўлқин 12 июнь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қирғизистонда ўтказилган президент сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан Қурманбек Бақиев номига табрик йўллади.

“Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасида юз йилликлар давомида мавжуд бўлиб келган қардошлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам ришталари бундан кейин ҳам муносабатларимизнинг асосини ташкил этади, деб ишонч билдиради”, - дейилади табрикда.

Қ.Бақиев давлат раҳбари сифатида иш бошлагандан кейин Қирғизистоннинг минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларида янги босқич бошланди. Бу босқичда Қирғизстоннинг ички ва ташқи сиёсатида, қўшни давлатлар билан муносабатларида, демократияга муносабатида қандай ўзгаришлар кузатилади?

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, Бақиевнинг давлат раҳбари этиб сайланиши кўпчилик учун катта ютуқ. Гарчи айрим экспертлар у демократиядан бирмунча чекинишга мажбур бўлишини тахмин қилаётган бўлса-да, мамлакатдаги вазият бу ерда барибир демократия вужудга келишидан дарак беради.

И.Худойберганов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларда яхшиланиш бўлишига кўзи етмаслигини маълум қилди.

“Ўзбекистонда вазият оғирлашгани сари мамлакатнинг қўшни давлатлар билан муносабати ҳам ёмонлашиб бораверади. Чунки бизда бирор гап бўлса, сабаби қўшни давлатлардан қидирилади”, - деди сиёсатчи.

Марказий Осиёдаги “демократия ороли” номини олган Қирғизистон олдида АҚШ ва Ғарб давлатлари ёки Россия ва Хитой билан яқинлашиш ёхуд уларнинг барчаси билан мувозанатли муносабат ўрнатиш йўли турибди.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаевнинг билдиришича, Қирғизстон ташқи сиёсатида кўпроқ минтақа давлатлари, хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида иш юритиш асосий йўналиш экани кузатилмоқда. Бу сиёсатда Россия ва Хитой билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш аҳамиятли бўлиб қолади.

ШҲТнинг 6 июль куни Остонада бўлиб ўтган саммитида ташкилотга аъзо давлатлар, жумладан, Қирғизистон раҳбари ҳам АҚШдан Ўзбекистон ва Қирғизстондаги ҳарбий базаларни олиб чиқиб кетиш муддатига аниқлик киритишни талаб қилди. Бу ўринда, кузатувчиларнинг эътирофича, Қирғизстон ташқи сиёсатида зиддият кузатилади.

“Бир томондан, Қирғизистон кўп жиҳатдан Россия, Хитой ва айрим қўшни давлатлар таъсири остидадир. Иккинчи томондан, у ўзини “демократия ороли” деб эълон қилгандан кейин Ғарбдан жуда катта моддий ёрдам олиб келди. Шу жиҳатларни эътиборга олиб айтиш мумкинки, Қирғизистон айни пайтда ташқи сиёсат векторини бирорта давлат томон ўзгартириш имкониятига эга эмас”, - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистонда март ойида бўлган “рангли инқилоб” ташаббускори АҚШ эмас, балки Россиядир. Ўша воқеадан олдин Россия расмийлари қирғиз мухолифати раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиб, уларга маъанавий кўмакни ваъда қилганди. Бунга инқилоб бўлиб, Россиянинг мамлакатга таъсири йўқолишидан қўрқиш сабаб эди.

К.Раббимовнинг фикрича, Қирғизистондаги ички муаммоларни ҳал қилиш фақат демократия шароитидагина мумкиндир. Шунинг учун мамлакатнинг янги раҳбарияти ички сиёсатда жамиятни демократлаштириш йўлидан боради. Бироқ ташқи сиёсатда кўпроқ Россияга қараб йўналиш танласа-да, расмий Вашингтон билан ҳам мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади.
XS
SM
MD
LG