Линклар

logo-print

Лондон портлашларидан бир ҳафта ўтиб Европа давлатлари хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда

  • Ҳасанжон

Бир ҳафта олдин Лондонда содир этилган портлашлар Европа давлатларида асабий ҳолатни юзага келтирди. Айниқса, 14 июл куни Францияда Бастилия куни миллий байрами нишонланиши арафасида расмийлар террор ҳужуми уюштирилиши мумкинлигидан ташвиш билдирди ва хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Италия ҳукумати ҳам мамлакатнинг турли шаҳарларида Исломий эктримистлар деб гумон қилинган шахслар яшайдиган уйларда тинтув ўтказди. Шунингдек, Британия ҳукумати таклифи билан Европа Иттифоқи давлатлари террорчилик фаолиятини қаттиқ назорат остига олиш чораларини кўриш устида иш бошлади.

14 июл куни Лондонда портлашлар содир этилганига бир ҳафта тўлди. Шу муносабат билан Европа Иттифоқига аъзо 25 давлатда кундузги соат ўн иккида икки дақиқа сукут сақланди. Лондонда содир этилган портлашлар оқибатида 52 одам нобуд бўлди 700 одам яраланди.

Британия полицияси келиб чиқиши покистонлик бўлган Британияда туғилган тўрт шахс Лондон метро линиялари ва йўловчи автобусида худкуш ҳужумлар уюштирганини гумон қилмоқда. Агар ушбу тахмин тасдиқланса, бу Ғарб давлатида уюштирилган биринчи ҳудкуш ҳужум бўлади. Шу боис 14 июл куни Бастилия миллий байрамини нишонлаётган Францияда расмийлар хавфсизлик чораларини кучайтирди. Париж расмийлари террор ҳужуми уюштирилишининг олдини олиш мақсадида қўшни давлатлар билан бўлган чегарада назорат ўрнатди. Франция шу пайтгача Шенген шартномасига мувофиқ Европа Иттифоқи давлатлари билан чегарани назорат қилмаган.

Тиерри Балзак Европа сиёсатшунослик тадқиқотлар марказининг хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчиси. Унинг Озодлик радиосига айтишича, Лондонда уюштирилган портлашлар европаликларга улар қандай тахдидга рўпара келаётганларини яна бир карра эслатган:

“Лондонда содир этилган портлашлар одамларга 2004 йил мартида Мадрид вокзалидаги портлашларни эслатади. Ҳозир Европада яна ҳужум уюштирилиши эҳтимоли хар қачонгидан кучли”.

Балзакка кўра, Мадрид ва Лондон портлашлари улкан айсбергнинг бир учи холос. Унинг таъкидлашича, Европа қитъасида жойлашган давлатлар ва Британияда полиция қатор бомба ҳужумлари уюштирилишининг олдини олган. Мадрид ва Лондон портлашлари эса полиция тузоғига илинмай қолган террорчилар иши.

Лондон портлашларидан кейин Италия ҳукумати мамлакатда террор ҳужумлари уюштирилишининг олдини олиш мақсадида кенг кўламли тадбир ўтказди. Италия хавфсизлик хизмати ва полиция ходимлари Рим, Неапол, Турин, Флоренсия, Болония, Сиракуса, Рагуса ва бошқа шаҳарларда яшовчи мусулмонлар ва келиб чиқиши африкалик бўлган жамоалар яшайдиган уйларда тинтув ўтказди. Италия расмийлари Лондондан кейин Италия террорчиларнинг навбатдаги нишонига айланишидан ташвишга тушган. Чунки Италия ҳам Британия сингари АҚШни Ироқ уруши масаласида қаттиқ қўллаб-қувватлаган.

Айни пайтда, Европанинг бошқа давлатларида ҳам аксил террор кампанияси олиб борилмоқда. Хусусан чоршанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи вазирларининг фавқулодда йиғилишида Лондон портлашларидан кейин кўрилиши лозим бўлган масалалар муҳокама этилди. Вазирлар террорчиларга қарашли эканида гумон қилинган банк ҳисобларини музлатиш, Европа Иттифоқи мамлакатлари разведка хизматлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа чоралар бўйича келишиб олдилар.

Ҳозирда Европа Итифоқига раислик қилаётган Британиянинг Ички ишлар вазири Чарлез Кларк Европа Иттифоқи террористлар фаолияти устидан қаттиқ назорат ўрнатишга бел боғлаганини таъкидлади:

“Европа Иттифоқи вазирлари террорчиларга имконият бермаслик чораларини кўрмоқда. Хавфсизлик органлари ўртасидаги ҳамкорлик, йўқолган ёки ўғирланган портловчи моддалар ҳақидаги маълумотлар, алоқа маълумотлари, турли давлатлар ҳуқуқ-тартибот органларининг биргаликда амалга ошираётган операциялари шулар жумласига киради”, - деди Британия Ички ишлар вазири.

Таҳлилчи Тиерри Балзак фикрича, маъмурий чоралар кўриш ёки ҳуқуқ-тартибот органлари кучи билан терроризмга барҳам бериб бўлмайди.

Нима бўлганда ҳам Лондондаги портлашлар Европада янада тахликали ва башорат қилиб бўлмайдиган вазиятни юзага келтирган кўринади.
XS
SM
MD
LG