Линклар

Наманганда Тожибоеванинг қамалиши “кафолатланган”


13 июль куни Фарғонадаги “Фуқаролик жамияти” халқ ҳаракати вакилларининг наманганлик Аюбхон Баратов ҳимояси учун Наманган шаҳрида норозилик намойиши ўтказишига йўл қўйилмади.

Шу куни фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячилари Норин туманига ўтишдаги постда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан тўхталиб, Наманган вилоятига киритилмади.

11 июль куни Наманган шаҳрида яшовчи Аюбхон Баратов ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзининг очиқда юриб сўроқ қилиниши, тергов одилона олиб борилиши тўғрисидаги ваъдаларига ишониб, яқинлари ва фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан бирга ИИБга келган эди. Аммо милиция ходимлари ўз оёғи билан келган шахсни гўёки ушлаш операцияси ўтказилаётгандек куч ишлатиб, ҳибсга олганди. А.Баратов фирибгарлик (Жиноят кодексининг 168-моддаси) ва собиқ турмуш ўртоғига тан жароҳати етказиш (277-модда) жиноятларини содир этишда айбланмоқда.

А.Баратов иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бораётган терговчи Равшан Назаров айбланувчини эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақлаш ва ишда фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг ҳимоячи сифатида иштирок этишини тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарган.

М.Тожибоеванинг маълум қилишича, айнан шу сабабларга кўра А.Баратовнинг яқинлари ва фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячилари 13 июль куни Наманган ИИБ биноси олдида норозилик акцияси ўтказишни режалаштирган. Бу ҳақда бир кун аввал тегишли идораларни огоҳлантирган.

“Норин постида фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиларини бир гуруҳ милиция ходимлари кутиб олди. Наманган шаҳри ИИБ бошлиғи Икром Қўлдошев менга “ҳунарларимни” Фарғонада ёки Тошкентда қилишим мумкинлиги, Наманганда эса қамалишим кафолатли экани тўғрисида огоҳлантирди”, - деди М.Тожибоева.
XS
SM
MD
LG