Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:11

55 миллион доллар Ўзбекистоннинг қорнини оғритармиди?


Американинг йирик хусусий банкларидан бири - Bank of New York Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар миллий банкига бундан бир неча йил аввал очган кредит линиясини ёпганини эълон қилди.

Бу ҳақда хабар тарқатган “Фергана.ру” сайтида ёзилишича, 2002 йилда мазкур банк Миллий банкга 55 миллион долларлик кредит линияси очганди. Кредит, аввало, Ўзбекистонда кичик бизнесни ривожлантиришга йўналтирилиши лозим эди. Ўтган уч йил давомида бор-йўғи 1 миллион долларга яқин қийматдаги икки лойиҳа бўйича ариза берилган, холос.

Ўзбекистон миллий банки матбуот хизмати раҳбари Галина Павлова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда кредит линияси ёпилиши сабабларига тўхталиб, Bank of New York қўяётган талаблар ўзбекистонлик тадбиркорлар учун анча оғир эканини таъкидлади.

Қўйилаётган талабга кўра, ажратилган кредит маблағларига фақат АҚШда ишлаб чиқарилган технология ва қурилмалар сотиб олиниши лозим. Аммо бу жуда қиммат туради. Айнан шундай асбоб-ускуналар ва технологияларни бошқа давлатлардан анча арзон нархга сотиб олиш мумкин.

Иқтисодчи Т.Йўлдошев Bank of New York шартлари ўзбекистонлик тадбиркорларга тўғри келмаётгани тўғрисидаги иддаоларни рад этади.

“Банкга келган тадбиркор кредит олмоқчи бўлса, аввало, бу кредитнинг 10 фоизи миқдорида пора талаб қилинади. Тадбиркорлар бундан ташқари ҳам кўплаб харажатлар қилишига тўғри келади. Бу ҳолат Ўзбекистон учун оддий ҳақиқатга айланиб қолган. Бизнинг банкларимиз қандайдир лойиҳалар учун кредит борлигини реклама қилмайди. Реклама қилса ҳам буни олишдаги юқоридаги тўсиқлар борлиги сабабли тадбиркор банкка бормайди”, - деди Т.Йўлдошев.

Иқтисодчи Иброҳим Ҳакимовнинг фикрича, 55 миллион долларлик сармоя Ўзбекистон миқёсида унчалик катта маблағ эмас. Аммо битта ҳудуд учун сезиларли пул. Бу пулга замонавий технологияга эга йирик ишлаб чиқариш субъектини қуриш мумкин эди. Шунингдек, иш ўринлари, тармоқ ва ҳамкор корхоналар фаолияти ҳам бунга қўшилса, кредитнинг тўхтатилиши сезиларли зарар экани ойдинлашади.

Баъзи кузатувчиларнинг эътирофича, Андижон воқеаларидан сўнг АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб бормоқда. Бу ҳолат Ўзбекистонга сармоя киритган хорижий банклар билан ҳамкорлик сусайишига сабаб бўлиши мумкин.

Тошпўлат Йўлдошев агар Ғарб расмий Тошкентга нисбатан жазо чоралари қўллайдиган бўлса, турли банкларнинг Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларини амалга ошириши анча қийинлашишини билдирди.
XS
SM
MD
LG