Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:35

Барча умид ҳукуматнинг махсус комиссиясидан


Хива шаҳридаги термит қурти ҳужуми натижасида шикастланган уйлар учун товон пули тўлаш ва тураржойи зарар кўрган аҳолини бошқа жойга кўчириш масаласи яқин орада ҳал бўлиши мумкин.

Ушбу масала маблағ йўқлиги сабабли тўрт йилдан бери ҳал бўлмай келаётган эди. Хива тумани ҳокимлигидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, шу кунларда бу ерга Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси келиши кутилмоқда. Комиссия барча муаммоларни ҳал қилишига умид билдириляпти.

Хивада термит дастлаб ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлган. Айни пайтда қадимий шаҳарнинг “Янги турмуш”, “Ичонқалъа” ва “Мевастон” маҳалларидаги кўпчилик хонадонлар термитдан жиддий зарарланган. Расмий маълумотларга кўра, биргина “Мевастон”да 280 дан зиёд хонадон термитдан шикастланган.

Бу уйларнинг аксариятида яшаш жуда хавфли. Уйлари термитдан зарар кўрган кишилар кучли хавотир остида яшамоқда. Чунки термит кемирган иморатларнинг қулаши тез-тез кузатилади. Ўтган йили Хиванинг Паҳлавон Маҳмуд кўчасидаги хонадоннинг айвони томи термит таъсирида қулаб тушиб, 4 ёшли эгизаклар Ойша ва Фотима девор тагида қолиб ҳалок бўлганди.

Термитлар бўйича тадқиқотлар олиб бораётган биология фанлари номзоди Икром Абдуллаевнинг эътирофича, вазият ҳақиқатан ҳам анча жиддий. “Янги турмуш” ва “Мевастон” маҳаллаларидаги иморатларнинг 90-95 фоизи авария ҳолатига келиб қолган.

Маълум бўлича, Хоразм вилояти ҳокимининг 1996 йил 1 июлдаги фармойишига кўра, Хивадаги биноларнинг термитдан зарарланиш оқибатларини тугатиш бўйича махсус комиссия тузилган. 2001 йил 10 августда эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган комиссия “Мевастон” маҳалласини зудлик билан кўчириш лозимлигини қайд этган. Бироқ орадан тўрт йил ўтса ҳам маҳаллани кўчириш масаласи ҳал бўлаётгани йўқ.

“Ҳар йили 2-3 марталаб келиб текширишади. Кўчишимизни айтишади. Лекин ҳеч ким ёрдам бераётгани йўқ”, - дейди мевастонликлар.
XS
SM
MD
LG