Линклар

Ўзбекистонликлар Россияга қандай ҳужжатлар билан бориши мумкин?


Феруза 13 июль куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида икки мамлакат фуқароларининг ўзаро борди-келдиси тўғрисидаги ҳужжатга янги ўзгартиришлар киритишга қаратилган баённома имзоланди.

Ушбу баённома жорий йилнинг 13 августидан вақтинчалик қўлланила бошлайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Россиянинг Тошкентдаги элчихонасидан икки мамлакат фуқароларининг ўзаро борди-келдисига оид янги ўзгаришлар тўғрисида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хорижга кириш, чиқиш ва фуқаролик бошқармаси ходимининг “Озодлик” мухбирига айтишича, Россияга чиқишдаги ўзгаришлар тўғрисида бошқармага янги кўрсатма келмаган. Ўзбекистонда хорижга чиқиш ва ички паспорт битта бўлгани сабабли тартиб ҳозирча аввалгидек сақланиб турибди.

Тошкентлик Раиса Султонова 12 июль куни Россиядаги онаси кўриб, Ўзбекистонга қайтиб келган. Унинг айтишича, Ўзбекистондан чиқиб кетишда ҳеч қандай қўшимча ҳужжат талаб этилмайди. Россия чегарасини кесиб ўтиш чоғида бу ҳақда паспортга махсус белги қўйилади. Россияда уч кун ичида вақтинчалик қайддан ўтиш лозим.

“Қайддан ўтиш учун паспорт бўлимига борсангиз, жиноят қидирув бўлимига бармоқ изларини топширишга жўнатади. Бўлимдан қидирувда йўқлигингиз тўғрисида қоғоз олиб келасиз. Кейин яна қандайдир маълумот олиб келишга жўнатади. Хуллас, Россиядан вақтинчалик қайддан ўтиш учун ҳафта-ўн кун чопиш керак. Одам роса қийналади”, - деди Р.Султонова.

Р.Султонованинг қўшимча қилишича, Россияга ишлаш учун борган ўзбекларни поезддан тушмасиданоқ ҳар қадамда милиция тўхтатиб, қайддан ўтганлик тўғрисидаги қоғоз баҳонасида пулини олади. Улар ҳозиргина келгани инобатга олинмайди.

Янги баённомада белгиланишича, Россиянинг ички паспорти, вояга етмаган россияликларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва шу каби бошқа ҳужжатлар чегарадан ўтиш ҳуқуқини бермайди. РФ ҳукумати ўрнатган тартибга кўра, 14 ёшга тўлмаган болалар Ўзбекистонга сафар қилиши учун ота–онасидан бирининг хорижга чиқиш паспортида қайд этилиши ёки ўзлари чет эл паспортига эга бўлиши керак.

Раиса Султонова 13 июль куни имзоланган баённомадан бехабарлигини, бироқ бундай ҳужжат ҳали кучга кирмаган бўлса-да, Россиядаги неварасини Ўзбекистонга олиб кела олмаганини билдирди.

“Россиядаги 14 ёшли неварамда хорижга чиқиш паспорти йўқ. Уни таътил пайтида Тошкентга олиб келмоқчи эдим”, - деди Р.Султонова.

Янги баённомага кўра, Ўзбекистон фуқаросининг Россияга бориши, у ерда маълум муддат туриши, РФ ҳудудида ҳаракатланиши учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

1. Ўзбекистон Республикаси дипломатик паспорти;
2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти;
3. Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга етмаган фуқароси гувоҳномаси;
4. Фуқаронинг Ўзбекистон Республикасига қайтиши учун шаҳодатнома (Фақат Ўзбекистонга қайтиши учун).
XS
SM
MD
LG