Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:44

“Интерньюс” вакиллари устидан суд бошланди


18 июль куни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани жиноят ишлари судида “Интерньюс нетворк” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси собиқ ижрочи директори Холида Анорбоева ва ҳисобчи Ольга Нормуродова устидан суд жараёни бошланди.

Суд очиқ бўлишига қарамай, унга хориж оммавий ахборот воситалари ва дипломатик корпус вакиллари киритилмади. Судья Нодир Акбаров дипломатларни ва журналистларни суд залидан чиқариб юборди.

Х.Анорбоева ва О.Нормуродова Жиноят кодексининг 190-моддаси “б” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) бўйича айбланмоқда.

Мазкур суд мажлисида адвокат Лобар Зулунова айблов хулосасини кеч олгани сабабли жараённи бошқа кунга қолдиришни сўраб талабнома киритди. Адвокат Ҳусан Маҳбубов эса жиноят таркиби бўлмагани сабабли судга жиноят ишини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритиш ниятида эканини билдирди.

Шу билан суд мажлиси 19 июль кунига қолдирилди.

“Интерньюс нетворк” ваколатхонаси Тошкентда 1995 йилдан фаолият кўрсатади. 2001 йилда бу ерда “Интерньюс-Тошкент” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам иш бошлаган эди. Аммо бу ННТ фаолияти ўтган йил 13 сентябрда Тошкент шаҳри адлия бошқармаси даъвоси асосида шаҳар фуқаролик суди чиқарган қарорга кўра 6 ой муддатга тўхтатиб қўйилганди. Адлия хизматчилари ўшанда ННТ фаолиятидан бир қанча камчиликлар топган эди.

Лекин суд қарорида белгиланган муддат тугагандан кейин ҳам “Интерньюс-Тошкент” ўз фаолиятини тиклай олмади. Аксинча, ННТга бевосита алоқадор бўлган ваколатхона ижрочи директори Х.Анорбоева ва ҳисобчиси О.Нормуродова устидан Тошкент шаҳри прокуратураси жиноят иши қўзғатди ва ишни судга оширди.

“Интернюс-Тошкент” ННТ фаолияти, асосан, нодавлат оммавий ахборот воситаларида ишлаётган журналистларни ўқитиш, улар тайёрлаган лавҳаларни эфирга бериш ҳамда Ўзбекистонда ҳуқуқлари бузилаётган журналистларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган эди.

Ташкилотнинг ёпилишини кузатувчилар Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатларида совуқлик пайдо бўлгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG