Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:45

“Озодлик” мухбири терговга чақиртирилди


Шайбон Ўтган ҳафтада “Озодлик” радиосининг Намангандаги мухбири Носир Зокир вилоят миллий хавфсизлик бошқармасига тергов бериш учун чақирилди.

Маълум бўлишича, Н.Зокир журналист ва шоир Ризо Обид ҳамда Норин туманилик Ҳайдарали Комилов устидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниш учун чақирилган. Бу шахслар устидан Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон президенти шаънини ҳақоратловчи маълумотларни ОАВ орқали тарқатиш) бўйича жиноят иши очилган.

“Озодлик” мухбири илгари бу шахслардан интервью олган ва тайёрланган лавҳалар эфирга узатилган.

Н.Зокирнинг сўзларига қараганда, у тергов вақтида Ўзбекистон қонунларига мувофиқ ўзига интервью берган шахсларга қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи борлигини билдирган.

Н.Зокирнинг таъкидлашича, 158-модда билан ҳали Ўзбекистонда бирорта шахс устидан жиноят иши қўзғатилмаган. Буни кузатувчилар ҳам тасдиқлайди.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг билдиришича, журналист фаолиятни юргизаётган вақтда шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Бу пайтда у жавобгарликка, гувоҳликка тортилиши мумкин эмас.

“Давлат журналистга ахборотни эркин олиш ва тарқатишни кафолатлайди. Ўз касбини амалга ошираётган пайтда унинг ҳимоясини таъминлайди. Фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбини бажариш чоғида олган бирор бир маълумотларни талаб этиш тақиқланади. Шунга асосан радио мухбири маълумот олган ва минбар вазифасини ўтаган, холос. Бу Ўзбекистон қонунларида белгилаб қўйилган”, - деди А.Аннаев.
XS
SM
MD
LG