Линклар

Ўзбек матбуотида томонлар манфаатлари


Феруза

Ўзбекистон матбуотида эркинлик йўқ бўлгани сабабли ундаги томонлар манфаатлари масаласига ҳам эътибор қаратилмаслигини кўплаб кузатувчилар эътироф этади.

Журналист Акбар Жонузоков фикрича, аслида журналист ёритаётган мавзуга оид томонлар фикрини тингламоғи ва уларни бир хилда, яъни холис етказмоғи лозим. Қандайдир партия ёки идора муассислигида чоп этилган газета эса айнан шу ташкилотларнинг нуқтаи-назарини акс эттиришга мажбур бўлади. Масалан, прокуратура газетасида, албатта, айблов томоннинг қарашлари ҳимоя қилинади.

“Агар газета муассиснинг босими остида фақат бир томоннинг қарашларини берса, ўша нуқтада матбуот эркинлиги, мустақиллиги ўлган бўлади”, - деди А.Жонузоқов.

Мустақил журналист Элмира Ҳасанова томонлар манфаатини бирдек ёритиш журналистнинг асосий вазифаси, муқаддас бурчи эканини таъкидлади.

“Ўзбек халқи етарлича ақлли деб ўйлайман. Менимча, халқимиз берилаётган маълумотларнинг қайси тўғрию, қайси нотўғри экани ҳақида ўзи хулоса чиқара олади. Бироқ ўзбек ҳукумати барча ОАВни фақат ўз манфаатларига хизмат қилдиришга интилмоқда ва маҳаллий матбуот мисолида бунга эришди ҳам. Демакки, ўзбек матбуоти бир неча йил давомида ана шу манфаатлар тўқнашувини юзага келтирмоқда”, - деди Э.Ҳасанова.

Мустақил журналист Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, аҳолига ҳар томонлама маълумот етказиш тамойилини хаспўшлайдиган ва томонлар манфаатини камситувчи ҳолатни келтириб чиқарадиган кишиларнинг матбуот соҳасида ишлашга ҳаққи йўқ.
XS
SM
MD
LG