Линклар

Талабалар шаҳарчаси қурилиш майдонига айланди


Ҳакимбек Июль ойидан Тошкентдаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида ётоқхоналарни капитал таъмирлаш ва шаҳарча ҳудудидаги маиший хизмат инфратузилмасини режали қуришга қаратилган кенг кўламли ишлар бошланди.

Тўсатдан бошланган бу ишлар оилавий ётоқхоналарда яшовчи аспирантлар, ёш ўқитувчилар, шунингдек, шу ҳудудда фаолият кўрсатадиган тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўляпти.

Бу ердаги 30 га яқин дўкон ва ошхона қисқа муддатда бузиб ташланди. Ётоқхоналарда эса ёппасига таъмирлаш ишлари бошланяпти. Аспирант ва ёш ўқитувчилар ётоқхоналардан мажбуран чиқариб юбориляпти.

“Ҳозир бузилган дўкон ва ошхоналар эвазига янги жой ва озгина ёрдам берилиши айтиляпти. Лекин бу ҳали аниқ эмас”, - дейди тадбиркорлар.

Аспирантлар ва ёш ўқитувчилар ижарага квартира олиш жуда қимматлигини таъкидлаяпти.

“Ётоқхонада яшаш ҳақи ойлигимиздан ушлаб қолинарди. 20-30 минг сўм маош оламиз. Квартирага эса ойлигимиздан бир неча баробар кўп тўлашга тўғри келади”, - дейди бошпанасиз қолганлар.

“Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Жавдат Иноғомовнинг сўзларига қараганда, шаҳарчада ётоқхоналарни таъмирлаб, янги ўқув йилигача замон талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш ишлари бошланган. Қонуний равишда қурилган дўкон ва ошхоналар учун товон сифатида янги жой берилади.

Ҳоким ётоқхоналардан чиқарилаётган, лекин шаҳарча ҳудудида рўйхатдан ўтганлар вақтинчалик ётоқхона билан таъминланишини маълум қилди.

Ўзбекистонда олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ҳар уч йилда бир марта “Универсиада” спорт ўйинлари ўтказилади. “Универсиада”нинг навбатдагиси Тошкент шаҳрида ўтказилади. Ўйинлар дастурига киритилган мусобақаларнинг кўпчилиги Ўзбекистон Миллий университети базаларида ўтказилиши режалаштирилган.

Ж.Иноғомовнинг билдиришича, шаҳарчада амалга оширилаётган қурилиш ишлари “Универсиада” билан ҳам қисман боғлиқ. Бу ерда иккита замонавий спорт мажмуи, дам олиш масканлари қурилиши кўзда тутилмоқда. Қурилишларнинг асосий қисми 6-8 ойда битказилади. Лекин бошланган ишлардан кўзланган асосий мақсад талабаларга замонавий шароитлар яратишдир.
XS
SM
MD
LG