Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:45

Журналист ҳамон шифохонада


Шайбон

Бундан бир неча кун аввал шафқатсиз калтакланган бухоролик таниқли журналист Ражаббой Раупов (Ражаббой Отатурк) ҳамон Шофиркон тумани шифохонасида даволанмоқда.

Гарчи бу воқеа журналистнинг Тошкентдаги ҳамкасблари эътиборидан четда қолаётган бўлса-да, бухоролик сафдошлари ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини бефарқ қолдиргани йўқ.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, журналистга бўлган ҳужум юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Р.Раупов Ҳусниддин Акрамов исмли спортчи йигит томонидан калтаклангани аниқланган.

“Сўнгги вақтларда Р.Раупов Шофиркон тумани ҳокими Аҳмад Раҳмоновнинг кирдикорларини фош этувчи мақолалар эълон қилган. Одамлар орасида журналист айнан шу фаолияти учун калтаклангани тўғрисида гап-сўз юрибди. Биз бу иш юзасидан тергов адолатли бўлишига умид қиламиз”, - деди маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.

Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, эртага яна бир ҳамкасбнинг бошига шундай савдолар тушмаслиги учун журналистлар Р.Раупов калтакланиши юзасидан жим туриши керак эмас, балки уни ҳимоя қилиши лозим.

Шафқатсиз калтакланиш оқибатида Р.Рауповнинг бош чаноғи жиддий шикастланган эди. Фақат шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдами туфайлигина у омон қолди. Журналистнинг ўзи бу ҳужумни суиқасд сифатида баҳоламоқда.
XS
SM
MD
LG