Линклар

logo-print

Газнинг маконида кўмирдан фойдаланилади


Фирдавс Қашқадарёда ҳар қиш мавсумида юзага келадиган газ тақчиллиги ўрнини қоплаш мақсадида жорий йилда вилоятда кўмирдан фойдаланишни кенгайтириш ҳаракатлари бошланди.

“Қашқадарёгаз” ҳудудий газ корхонаси бошлиғи ўринбосари Собир Қаюмовнинг сўзларига қараганда, бу йил “Кўмир” акциядорлик компаниясига 10 минг тонна кўмирга буюртма берилган. Буюртма август ойидан темир йўл орқали етказиб берила бошланади.

Ўзбекистонда қазиб олинадиган газнинг 90 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Шунга қарамай, ҳар қиш мавсумида вилоятда газ танқислиги сезилади.

С.Қаюмовнинг билдиришича, ҳозир вилоятнинг табиий газга эҳтиёжи 1 миллион 233 куб метрни ташкил этади. “Ўзтрансгаз” агентлиги эса бу эҳтиёждагидан анча ортиқ, яъни100 минг куб метр кўп газ етказиб бермоқда.

Вилоятда газ тақчиллиги юзага келиши сабабини мутахассислар Ўзбекистон газ экспортини кўпайтиргани, газ қазиб чиқариш эса камайгани билан изоҳлайди. Шу сабабли, айниқса, қиш мавсумида “Ўзтрансгаз” вилоятга бериладиган газ лимитини анча қисқартиради.

Гарчи газ тақчиллиги ўрнини қоплаш учун кўмирдан фойдаланишни кенгайтириш режалаштирилган бўлса-да, Қарши шаҳрида бу ҳаракатдан фойда бўлиши қийин. Чунки, мутахассисларнинг маълум қилишича, Қаршида кўмир ва мазут омборлари етишмайди. Қолаверса, улардан фойдаланиш шаҳар экологиясига салбий таъсир кўрсатади.
XS
SM
MD
LG