Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:07

Жўравой Абдуллаев суиқасд қурбони бўлганмиди?


Турғунбек 28 май куни пичоқлаб ўлдирилган андижонлик 55 ёшли Жўравой Абдуллаевнинг яқинлари расмий идоралар ва халқаро ташкилотларга бу қотиллик аслида суиқасд экани тўғрисида мактуб тарқатди.

Ж.Абдуллаев Андижон фожеасининг эртасига шаҳарнинг Боғишамол даҳасида пайдо бўлган оммавий қабристонни 27 май куни “Озодлик” радиоси мухбирига кўрсатганининг эртасига ўлдирилган эди.

Марҳумнинг яқинлари томонидан тарқатилган мактубда Ж.Абдуллаевнинг Иброҳим Отахонов исмли шахс томонидан пичоқланишига айнан у радио мухбирига оммавий қабристонни кўрсатгани сабаб бўлгани таъкидланади.

Марҳумнинг яқинлари иқтисодий аҳволи оғирлиги сабабли мактубни тарқатишга маблағи йўқлиги, бу ишни “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Андижон тумани бўлими раҳбари Исроилжон Холдоровга топширишга мажбур бўлганини баён қилади.

И.Холдоров “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида Ж.Абдуллаев билан содир бўлган воқеа ҳақида атрофлича тўхталди.

“Ҳукумат акрамийлар деб айтаётган кишиларнинг аксарияти Боғишамол даҳасидаги Қори Ниёзий кўчасида яшагани, шунингдек, даҳадаги “Сабо” кўчасида 13 май куни ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларининг оммавий қабристони бўлгани сабабли бу ерда ўша кунлари жуда қаттиқ текширув ва кузатув бораётганди. Шундай шароитда Ж.Абдуллаев радио мухбири билан бир неча соат давомида бирга бўлиб, қабристонни кўрсатиш ва интервью беришдан қўрқмади. Шунинг учун у эртасига фожеали тарзда ўлдирилди”, - деди И.Холдоров.

И.Холдоровнинг ҳикоя қилишича, интервью берганнинг эртасига – 28 май куни Ж.Абдуллаев бозордан қайтаётганида шу яқин-атрофда яшовчи Иброҳим Отахонов уни айланма йўлнинг пастки қисмига олиб ўтган. Бу ерда кутилмаганда Ж.Абдуллаевнинг кўкрагига пичоқ санчган. Ж.Абдуллаев жиноятчининг қўлидан пичоқни тортиб олиб, унга бир неча марта санчишга улгурган ва судралганча катта йўлга чиқиб, ҳушига келмасдан ҳалок бўлган. Тўқнашув бўлган айланма йўлнинг пастки қисми Андижон тумани ички ишлар бўлими ҳудудига киради.

Исроилжон Холдоров Ж.Абдуллаев ва И.Отахонов ўртасидаги қисқа тортишув ва ундан сўнг содир бўлган қотилликка бевосита гувоҳ бўлганлар борлигини билдирди.

Унинг айтишича, Ж.Абдуллаев Охунбобоев номидаги ширкат хўжалигида пудрат асосида ишлаган. И.Отахонов эса илгари шаҳарнинг Янгибозор ҳудудида қиморбозлик қилган. Бу шахс қамалиб чиққани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

“Андижон шаҳри ва тумани прокуратураси И.Отахоновнинг оиласи жабрланувчи бўлгани учун уларга ёрдам ажратилишини айтибди. Бизга бу ҳақда И.Отахоновнинг оила аъзолари маълум қилди. Аслида жабрланувчи кимлигини ҳамма яхши билади. Жўравойнинг неча боласи қолиб кетди. Уларни энди ким боқади”, - деди И.Холдоров.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, марҳум Ж.Абдуллаев ўлимидан бир кун аввал хорижий радио мухбирини олиб борган Боғишамол даҳасидаги оммавий қабристонга 84 та жасад кўмилгани расман қайд этилмоқда.
XS
SM
MD
LG