Линклар

Режа зўр, ижроси йўқ


Фирдавс Маълумотларга кўра, бу йил Қашқадарё вилоятида 22 та янги мактаб қурилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунгача улардан бор-йўғи биттасида қурилиш ишлари тугалланган.

Вилоят бўйича мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик даражаси 62 фоизни ташкил этмоқда.

Янги қурилаётган 21 мактабнинг айримлари қурилиши бошланганига 1-2 йил бўлган. Маблағ етишмаслиги сабабли қурилиш ниҳоясига етмай қоляпти. Хусусан, Деҳқонобод туманининг Ичгичка қишлоғидаги 52-мактаб қурилиши 2003 йилда бошланганди. Аммо қурилиш ҳали ниҳоясига етказилгани йўқ. Янги қурилаётган бешта мактабда қурилиш ишларининг ярми ҳам бажарилмаган.

Қарши шаҳрида 44 та мактаб бор. Уларнинг аксарияти янги ўқув йилига тайёр. Шаҳар халқ таълими бўлими мудири Мамлакат Қодированинг сўзларига қараганда, айни пайтда Қаршидаги 4 та мактабда жорий, яна шунча мактабда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шаҳардаги 3-ўрта мактаб биноси Кўкгумбаз масжиди таъмирланиши муносабати билан бузиб ташланган эди. Ўқувчилар бир муддат 13 ва 1-мактабларга, шунингдек, хусусий уйларга кўчириб ўқитилди.

М.Қодированинг билдиришича, янги ўқув йилида 3-мактабнинг “Махсумобод” маҳалласилик ўқувчилари 13-мактабда таҳсилни давом эттиради. Яқин-атрофдаги бошқа маҳалла болалари 3-мактабнинг янги биносида ўқийди. Айни пайтда янги бино қурилишининг биринчи навбати тўлиқ тугалланган.

Мутахассислар вилоятда чет тилларни ўқитиш талаб даражасида эмаслигини эътироф этади. Шаҳар мактабларида ҳам бу борада талай муаммолар бор. М.Қодированинг таъкидлашича, шу сабабли Қарши шаҳрида чет тилларга ихтисослашган бошланғич таълим мактаби қуриш кўзда тутилган. Айни пайтда ушбу қурилишнинг лойиҳаси тасдиқланган.
XS
SM
MD
LG