Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:38

Айбдорни “Олтин водийни титратган тун”дан қидиринг


Бундан бир неча кун олдин Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган “Олтин водийни титратган тун” номли ҳужжатли фильм Андижон воқеаларига АҚШ ва Буюк Британия айбдор эканига шаъма қилинган.

“Озод овоз” ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаевнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Андижон воқеаларига бағишланган ушбу фильм кадр ортидан дикторнинг “Ўзбекистоннинг бойликларига ва осойишталигига кўз олайтираётганлар ичида антитеррористик коалицияга раҳбарлик қилувчи иккита йирик давлат бор” деган сўзлари билан бошланган. Шундан сўнг Вашингтондаги Оқ уй ва АҚШ давлат байроғи ҳамда Лондондаги Биг-Бен курантлари ва Британия байроғининг фототасвири туширилган кадрлар намойиш этилган.

“Бу тасвирлар изоҳсиз келтирилган бўлса-да, Андижондаги қонли воқеаларнинг келиб чиқишида мана шу давлатлар айбдорлигига ишора бор. Лекин давлатларнинг номларини айтишга ботинилмади”, - деди Б.Абдуллаев.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, бу фильмнинг намойиши Ўзбекистонда яқин вақтлар ичида Ғарбга, хусусан, АҚШга қарши сиёсий тарғибот кампанияси бошланишидан дарак беради. Чунки Ғарб давлатлари ҳали ҳам Андижондаги воқеаларни мустақил текшириш учун экспертлар юбориш талабидан қайтгани йўқ.

“Андижон воқеалари юзасидан бўладиган судда кимдир гўёки АҚШдан кўмак олиб турганини айтади, - деди Т.Йўлдошев. - Шундан кейин демократик кучларга кенг кўламда қатағон чоралари кўрила бошланади”.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг эътирофича, фильмда кўрсатилган аксарият лавҳалар ҳукумат манфаатидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган бўлса-да, ундаги гувоҳларнинг гаплари ҳукумат ошкор этган маълумотларга тўғри келмайди. Масалан, фильмда маҳбус киши қамоқхонадан ўзини рус миллатига мансуб шахс чиқариб юборганини айтган. Ҳукумат бу воқеаларга айбдор қилиб кўрсатаётган “акрамий”лар орасида эса руслар бўлиши мантиққа зид.

Фильмда тинч аҳолининг ўққа тутилмагани, балки бир гуруҳ террорчилар йўқ қилингани бот-бот айтилади. Аммо бу гаплар ҳақиқатдан узоқлиги бугун кўпчиликка сир эмас.
XS
SM
MD
LG