Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:05

Паспорт ёнда бўлмаса, ногирон бўлиб қолиш ҳеч гап эмас


Зикрилло Ишонч Милиция ходимлари томонидан шафқатсиз калтакланиши оқибатида ногирон бўлиб қолганини даъво қилаётган тошкентлик Нозимҳожи Икромов ҳали-ҳамон адолат топа олмаётганини айтмоқда.

Н.Икромовнинг сўзларига қараганда, 2004 йил 1 июль куни ёнида паспорти бўлмагани сабабли у Собир Раҳимов тумани ички ишлар бошқармасига олиб келинган.

“Бошқармада навбатчи қисм бошлиғи подполковник Ҳошим Каримов мендан паспортим йўқлиги учун 100 минг сўм талаб қилди. Милиция офицери Нодир Орипов эса мени калтаклашни бошлади. Кучли зарбадан кейин йиқилдим. Ичимдан қон келиш бошланди. Иккита умуртқам синди. Икки оёғим ўша жойнинг ўзида ишламай қолди. Н.Орипов бир йигитни чақириб, мени кўчадаги ариққа ташлаб кетишни буюрди”, - деб ҳикоя қилади Н.Икромов.

Унинг айтишича, шундан сўнг у тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилган. Темирйўл марказий шифохонасида у текширилиб, қаердан қон келаётгани аниқланган, умуртқаси сингани, икки оёғи ишламаётгани қайд этилган. Эртасига Ҳ.Каримов ва Н.Орипов шифохонага келиб, ундан кечирим сўраган.

Мазкур иш юзасидан Нозимҳожининг отаси Абдували Икромов туман, шаҳар, республика прокуратуралари, Миллий хавфсизлик хизматига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Аммо, А.Икромовнинг билдиришича, мурожаатлари бесамар кетган.

“Прокуратура вакиллари ўзаро келишган ҳолда ишни текширишни турли баҳоналар билан шу пайтгача чўзиб келяпти”, - деди А.Икромов.

Н.Икромов аҳволи тобора ёмонлашиб бораётгани, ичидан қон кетиш ҳали ҳам тўхтамаётгани, белидан пастки қисми умуман ишламаётганини маълум қилди.

“Менга биринчи гуруҳ ногирони берилди. Шунча ҳужжатлар, далил-исботлар, гувоҳлар бўла туриб, Собир Раҳимов тумани прокурори Камолиддин Тожиқулов айбдор милиция ходимлари устидан ҳеч қандай жиноят иши очмаяпти”, - деди Н.Икромов.

Кўтарилган мавзу юзасидан Собир Раҳимов тумани ИИБдан муносабат олишнинг иложи бўлмади. Туман прокуратураси вакили эса мазкур иш кўриб чиқилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG