Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:17

Исоқ Абдуллаев устидан суд бошланди


Хоразмда Ўзбекистон Жиноят кодексининг кўплаб моддалари бўйича айбланиб, ҳибсга олинган хивалик 70 ёшли таниқли тадбиркор Исоқ Абдуллаев устидан суд жараёни бошланди.

Мазкур суд жараёни Хоразмда бўладиган одатдаги судлов ишларидан анча фарқ қиляпти. Суд бошланишидан аввал вилоят жиноят ишлари суди биноси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жуда қаттиқ назоратга олинди. Судга кираётганлар ҳам махсус текширувдан ўтказилди.

Суд очиқ тарзда ўтказилаётганига қарамай, унга инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари киритилмади.

Суд мажлисининг биринчи куни жуда қисқа давом этди. Унда қатнашганларнинг айтишича, И.Абдуллаев адвокатлари етиб келмагани сабабли судни қолдиришни сўраган. Шунингдек у шу пайтгача айби нимада эканини билмаслиги, агар айбдор бўлса, Хива бозорида очиқ суд қилинишини талаб этган. Шундан сўнг суднинг навбатдаги мажлиси 26 июлга белгиланган.

И.Абдуллаев устидан гурланлик 25 ёшли Умида Дўстжонованинг шикоят аризаси асосида жиноят иши қўзғатилган. И.Абдуллаев опа-сингил Дўстжоноваларни ўз уйида 96 кун давомида мажбуран сақлаганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Вақт ўтиши билан унга юкланган жиноятлар сони ортиб, Жиноят кодексининг 13 моддаси бўйича айблар қўйилган. Айни пайтда эса И.Абдуллаев ЖКнинг 18 моддаси бўйича айбланмоқда. Унга фирибгарлик, товламачилик, талончилик, одам ўғирлаш, ёлғон хабар берганлик, туҳмат қилганлик каби жиноятлар юкланяпти. Шунингдек, маълум бўлишича, у диний ташвиқот юргизишда ҳам гумон қилиняпти. Тинтув вақтида унинг уйидан Абдували қорининг даъватлари ёзилган аудиокассеталар топилган. Айблов хулосасида судланувчининг уйидан гиёҳвандлик моддаси топилгани, у ўз жиноятларини гуруҳ бўлиб, яъни хотини Жумагул Полвонова билан биргаликда амалга оширгани баён қилинади.

Айблов хулосасида таъкидланишича, тергов жараёнида И.Абдуллаев ўзига нисбатан эълон қилинган айбловлар билан танишишдан ва кўрсатма беришдан воз кечган.

Яқинлари И.Абдуллаев хорижий оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида ҳукумат юргизаётган сиёсатни мунтазам равишда қоралаб келгани, Интернетда танқидий мақолалар ёзгани учун шундай куйга тушганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG