Линклар

Хориждаги ўзбек мухолифати Зайнобиддинов тақдиридан хавотирда

  • Садриддин Ашур

22 июль куни хорижда яшаётган ўзбек мухолифати вакиллари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари БМТ, Европа парламенти ва ЕХҲТга мурожаат йўллаб, андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновни ҳибсдан озод қилиш ҳаракатларига кўмак сўради.

“С.Зайнобиддинов икки ойдан вақтинча сақлаш изоляторида ўтирибди, бу инсон ҳуқуқлари ҳақидаги меъёрларнинг ва республика қонунчилигининг қўпол бузилишидир”, - дейилади мурожаатда. Мурожаатда ёзилишича, С.Зайнобиддиновнинг ягона айби – унинг ўз кўзи билан кўрган воқеаларни журналистларга айтиб берганидир.

Андижондаги “Аппеляция” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари С.Зайнобиддинов акрамийлик диний гуруҳига аъзоликда айбланаётган 23 кишининг ҳимоячиси сифатида фаолият юритган. Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, С.Зайнобиддинов бу шахсларни суд жараёнида ҳимоя қилган, Андижонда тинч аҳолининг ўққа тутилишини ўз кўзи билан кўрган, автомат ва пулемётларнинг гилзаларини шахсан териб олиб, журналистларга кўрсатган.

Мурожаат муаллифлари С.Зайнобиддиновнинг тақдиридан жуда қаттиқ хавотир билдирмоқда. Уларнинг фикрича, ҳукумат бугун С.Зайнобиддиновни жисмонан йўқ қилиши ҳам мумкин. Чунки у Ўзбекистон ҳукумати Андижонда содир этган жиноятларни ўз кўзи билан кўрган бош гувоҳлардан биридир.

С.Зайнобиддинов шу йилнинг 20 май куни ҳибсга олинган ва шу вақтгача панжара ортида сақланмоқда. У Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” банди (туҳмат қилиш) бўйича айбланяпти. Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси устидан тергов ҳаракатлари Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG