Линклар

logo-print

Ҳибсдаги ҳуқуқ ҳимоячилари қийноққа солинмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари жамияти мазкур ташкилотнинг Андижон воқеаларидан кейин ҳибсга олинган аъзолари ҳибсхонада қийноқларга дучор қилинаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Жамият раиси Толиб Ёқубовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ҳозир мазкур жамият ва “Эзгулик” каби бошқа ташкилотлар вакилларидан бир нечаси қамоққа олинган. Уларнинг барчаси қийноққа солинмоқда.

“Ташкилотимизнинг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлими раиси Норбой Холжигитов бирга қамалган икки фаолимиз жуда қаттиқ қийноққа солинаётгани ҳақида маълумотлар бор. Шунинг учун улар Н.Холжигитовга қарши кўрсатма беришга мажбур бўляпти”, - деди Т.Ёқубов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Н.Холжигитов маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан уюштирилган жиноят иши бўйича ҳисбга олинганини айтмоқда.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, Н.Холжигитов ҳалол одам. Шунинг учун ҳам у ҳибсга олингандан кейин юзлаб ҳамқишлоқлари уни озод этиш талаби билан норозилик акциялари уюштирган.

Т.Ёқубов жамиятнинг бошқа вилоятлардаги вакилларига ҳам турли кўринишдаги тазйиқлар бўлаётганини маълум қилди. Масалан, жамиятнинг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ёдгор Турдибековнинг паспорти олиб қўйилиб, узоқ вақтдан буён қайтариб берилгани йўқ. Андижон вилояти бўлими раиси Нурмуҳаммад Азизов эса Жиноят Кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш) бўйича айбланиб, ҳибсда ўтирибди.
XS
SM
MD
LG