Линклар

Тадбиркор устидан суд давом этяпти


26 июль куни Хоразм вилояти жиноят ишлари судида Жиноят кодексининг 18 моддаси бўйича айбланаётган хивалик тадбиркор Исоқ Абдуллаев иши юзасидан суд жараёни давом эттирилди.

Суд биносининг 2-қаватида бошланган суд мажлиси И.Абдуллаев талаби билан 1-қаватга кўчирилди. Маълум бўлишича, айбланувчи ўзининг сиёсий жиноятчи эмаслигини, шунинг учун суд мажлисида барча яқинлари ва дўстларининг қатнашишига имконият яратиб берилишини сўраган. Судья бу сўровни қондирган.

Мазкур суд мажлисида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг айбланувчининг тиббий муолажа олиши лозимлиги сабабли суд мажлиси эртасига давом эттириладиган бўлди.

137 кундан буён ҳибсда сақланаётган 70 ёшли И.Абдуллаев узоқ йиллар давомида мактабда ўқитувчилик қилган. Сўнгги йилларда эса самарали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган эди.

И.Абдуллаев устидан гурланлик 25 ёшли Умида Дўстжонованинг шикоят аризаси асосида жиноят иши қўзғатилган. И.Абдуллаев опа-сингил Дўстжоноваларни ўз уйида 96 кун давомида мажбуран сақлаганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Вақт ўтиши билан унга юкланган жиноятлар сони ортиб, Жиноят кодексининг 18 моддаси бўйича айблар қўйилган. Айни пайтда И.Абдуллаевга фирибгарлик, товламачилик, талончилик, одам ўғирлаш, ёлғон хабар берганлик, туҳмат қилганлик, катта миқдордаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бош тортиш каби жиноятлар юкланяпти. Шунингдек, маълум бўлишича, у диний ташвиқот юргизишда ҳам гумон қилиняпти. Тинтув вақтида унинг уйидан Абдували қорининг даъватлари ёзилган аудиокассета топилган. Айблов хулосасида судланувчининг уйидан гиёҳвандлик моддаси топилгани, милиция ходимини уриб, ўз хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилгани, у ўз жиноятларини гуруҳ бўлиб, яъни хотини Жумагул Полвонова билан биргаликда амалга оширгани баён қилинади.

Айблов хулосасида таъкидланишича, тергов жараёнида И.Абдуллаев ўзига нисбатан эълон қилинган айбловлар билан танишишдан ва кўрсатма беришдан воз кечган.

Маҳаллий кузатувчилар И.Абдуллаев хорижий оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида ҳукумат юргизаётган сиёсатни мунтазам равишда қоралаб келгани, Интернетда танқидий мақолалар ёзгани учун шундай куйга тушганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG