Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Шайбон

“Халқ сўзи” газетасининг 19 июль сонида журналист Қўчқор Норқобилнинг “Сиз киму, биз ким?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Хориж оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятидан қаттиқ жунбушга келган муаллиф, жумладан, бундай ёзади: “Кимларнингдир қутқўсига учиб, юртига тош отганлар, юрт хоинларининг қилмишини ноиложликдан “демократия”га интилиш деб хаспўшлаётган баъзи чет эл журналистларига айтар сўзимиз шу: бу халқ жипс, бу халқ мустаҳкам, бу халқ бир-бири билан сиз ўйлашингиз мумкин бўлган, ақлингизга келмайдиган ички бир оқибат ришталари билан боғланганки, бу жипсликка дарз еткизолмайсиз”.

Шундан сўнг журналист “тезкорликда анча-мунча хориж матбуотини доғда қолдирадиган” ўзбек матбуотини шарафлашга ўтиб, қуйидагича ёзади: “Бизнинг матбуотимиз эса ўз зиммасига тезкорлик вв воқеликни елкалаб, вазиятга холисона баҳо беришга одатланган”. Изоҳга ҳожат йўқ.


“Ўзбекистон овози” газетасининг 21 июль сонида журналист Сафар Остоновнинг “Демократия ва бозор тамойиллари барчага баробар эмасми?” сарлавҳали мақоласи босилди. Мақолада, асосан, шу кунда ўзбек матбуоти учун ўта долзарб мавзуда, яъни Хонободдаги АҚШ ҳарбий базасидан оддий халқ кўраётган зарар хусусида сўз юритилади. Муаллиф авиабаза туфайли кўп ноқулайликларга дуч келаётган фуқаролардан бирининг мана бу гапларини келтирди: “Шу йил 21 майда онам қазо қилди. Бундай пайтда, ўзингиз биласиз, узоқ-яқиндан қариндош-уруғ, ёр-дўст келади. Уч кун кўнгил сўраш бўлади. Кейин бошқа маъракалар. Роса қийналдик-да. Ўзимиз азадормиз, ташвишимиз етади, бунинг устига фотиҳага келганларнинг қишлоққа киришига рухсат олиш учун чоп-чоп бўлди. Яна кўпчилик паспортсиз келган экан денг, уларни киритишмади”.

Шу ерда эслатма, ўша махсус рухсатни Ўзбекистон томони текширади ва беради. Паспортсиз қишлоққа киритилмаганлар ҳолатига келсак, Тошкентга келаётган ўзбекистонликлар бундай ҳангомага аллақачон кўникиб кетди, аммо бунга Хонобод ҳарбий базасининг мутлақо дахли йўқ.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 22 июль сонида марҳум журналист ва таниқли шоир Маъруф Жалил шеърларидан намуналар берилди. Шеърлардан бирини келтирамиз:


Сотганим йўқ, виждонимни сотганим йўқ,

Дуч келганга таъна тошин отганим йўқ.

От тепкисин от кўтарар, туя эмас

Шу сабаб мен туяга сўз қотганим йўқ.


Бирор зотнинг ёстиғини қуритмадим,

Йўқ, мен бундай гуноҳларга ботганим йўқ.

Ҳалол ишда кун кечирдим, ҳалол яшаб

Нопок дарахт мевасини тотганим йўқ.


Ёмон уруғ эккан бўлсам носоз ерга

Зинҳор-зинҳор яхши ҳосил кутганим йўқ.

Нима бўлса толеъимдан кўрдим аммо

Эътиқодим, сени пулга сотганим йўқ.


Менинг битта ватаним бор ер юзида,

Ундан гўзал ватан излаб чопганим йўқ.
XS
SM
MD
LG