Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:49

Шуҳрат Аҳмедовнинг сирли сукунати


Ўзбекистондаги таниқли медиамагнатлардан бири сифатида танилган Шуҳрат Аҳмедов мамлакатдан қочиб кетгани сабабли унга тегишли айрим ОАВ ўз фаолиятини тўхтатгани тўғрисида хабарлар пайдо бўляпти.

Ш.Аҳмедов Андижон ёшлар телерадиокомпанияси (ЁТРК), “Водий садоси” радиоси, ўзбек ва рус тилларида кўп нусхада чоп этиладиган “Тасвир” газетаси ва “Оптовик” журналининг хўжайини экани айтилади.

Икки ҳафтадирки, ЁТРК ва “Водий садоси” радиоси фаолияти тўхтатилган. Бунинг сабаби айнан Ш.Аҳмедов шахси билан боғлиқ, деган тахминлар пайдо бўляпти. Баъзи манбаларга кўра, у акрамийлар диний оқимини молиявий қўллаб-қувватланганликда айбланиб, таъқиб остига олингани боис Қозоғистонга қочиб кетишга мажбур бўлган. Айрим манбалар эса ЁТРК ва “Водий садоси” фаолияти тўхтатилишига мамлакатдаги ОАВ ўртасида юзага келган носоғлом рақобат муҳитини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Ш.Аҳмедовни дараклаб у сўнгги вақтларда ишлаган муассасаларга мурожаатлардан натижа бўлмади. Мазкур ташкилотлар вакиллари Ш.Аҳмедов анча вақтдан буён бу ерда ишламаслигини маълум қилди.

ЁТРК ва “Водий садоси” ходимлари ушбу оммавий ахборот воситаларининг фаолият тўхтаб қолганига Ш.Аҳмедовнинг умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади. Уларнинг айтишича, мазкур радио ва телевидение техник сабабларга кўра вақтинча эфирга чиқмаётир. (Сўнгги маълумотга кўра, шу кунларда “Водий садоси” ўз фаолиятини тиклаган).

Андижонлик журналистлардан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ЁТРК кўрсатувлари эфирга узатилмаётганига сабаб ҳақиқатан ҳам акрамийлар ҳаракати билан боғлиқлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ЁТРК раҳбари Комилжон Парпиев 13 май куни Андижон вилояти ҳокимлиги биносида ҳукумат акрамийлар деб айтаётган шахслар қўлида 9 соат давомида гаровда бўлган.

“Комил акани тасвирга туширилган баъзи нарсаларни эфирга берасан, дея олиб кетишган. Бу воқеа 13 майда юз берган бўлса, ЁТРК ўша пайтдан буён кўрсатмаётир”, - деди журналист.

Андижонлик журналист Ш.Аҳмедовга нисбатан таъқиблар бошланганини ҳам инкор этмади. Бироқ бунинг сабаби акрамийлар билан эмас, балки унинг ўз бизнесидаги олди-берди муносабатлари билан боғлиқ, деган тахминни билдирди. Журналист айни пайтда Ш.Аҳмедов хорижда эмас, балки Ўзбекистонда эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, ЁТРК номи билан танилган Андижон ёшлар телевидениеси кўрсатувларини Фарғона водийсидаги 10 миллиондан ортиқ томошабин кўради. “Водий садоси” радиоси эса Ўзбекистонда, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистоннинг Ўзбекистонга чегарадош баъзи ҳудудларида эфирга чиқади.
XS
SM
MD
LG