Линклар

Ўзбекистон ҳукуматидаги ўзгаришлар нимадан дарак?

  • Барно Анвар

Сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳукумати таркибида юз берган баъзи жиддий ўзгаришларни маҳаллий кузатувчилар ҳокимият учун курашнинг авж олиб бораётгани билан изоҳламоқда.

Мамлакат президентининг фармонига кўра, бош вазирнинг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири, умумиқтисодиёт, савдо ва истеъмол моллари мажмуаси раҳбари Рустам Азимов лавозимидан олиниб, янги ташкил этилган Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги раҳбарлигига тайинланди.

Унинг аввалги ўрнини эса бош вазир ўринбосари мақомида президент девонидаги ўта нуфузли амалдорлардан бири, узоқ йиллар давлат раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаган Вячеслав Голишев эгаллади.

Эндиликда Р.Азимов раҳбарлик қилаётган янги вазирлик Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги негизида ташкил этилди. Бу ҳақдаги фармонда айтилишича, янги вазирлик Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан иқтисодий муносабатларини ривожлантириш, хорижий сармояни жалб этишни кучайтириш ва чет эл сармоядорларнинг ишончини қозониш каби мақсадларда ташкил этилган.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳукуматдаги нуфузли шахс бўлган Р.Азимовнинг Бош вазирнинг биринчи ўринбосарлигидан бўшатилиб, оддий вазир этиб тайинланиши сиёсий маънога ҳам эга эканини таъкидламоқда. Унинг тахминича, демократик дунёқарашга эга шахслиги, шунингдек, бош вазир Шавкат Мирзиёевга рақобат қила олиши сабабли Р.Азимовнинг лавозими пасайтирилган бўлиши мумкин. Зеро, аввалроқ Р.Азимов бош вазир бўлиши мумкинлиги ҳақида гап тарқалган эди.

Таҳлилчи Алимардон Аннаев Р.Азимовнинг бошқа ишга ўтказилганини президент Ислом Каримовнинг бош вазирни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги устамон сиёсати маҳсули ҳисоблайди.

“Р.Азимов Мирзиёев йўлига тўғаноқ бўладиган ёш иқтисодчи ва сиёсатчилардан биридир. Бир томондан, президент ўз атрофида ҳамиша ўртамиёна амалдорларни сақлашга ҳаракат қилади. Иккинчи томондан, уни янги вазирликка ўтказиб Ислом Каримов Р.Азимовнинг жаҳондаги турли молиявий ташкилотлар билан қалин муносабатларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи”, - деди А.Аннаев.

Т.Йўлдошевнинг фикрича, Р.Азимовнинг халқаро моливий институтлар билан яқин алоқалари мамлакат иқтисодиётига ҳам, Ислом Каримовга ҳам ёрдами тегмаслиги мумкин. Чунки Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон сиёсий жиҳатдан яккаланиб қоляпти.

Р.Азимовнинг аввалги лавозимини В.Голишев эгаллаши ҳам бир қанча тахминларни юзага чиқармоқда. Бу шахс анча муддат Иқтисодиёт ва статистика вазирлигида ишлаган. Кўп йиллар президентнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган. У Ислом Каримовнинг иқтисод ҳақидаги ҳар қандай янги фикрини амалиётга жорий қилиш бўйича йўлланмалар ишлаб чиқишга лаёқатли муҳим кадр экани тўғрисида ҳам гаплар юради.

Таҳлилчи Илҳом Ғайратовнинг айтишича, В.Голишев президент девонидаги энг кучли таъсир доирасига эга бўлган шахслардан бири, шу билан бирга, давлат раҳбарига содиқ одамлар тоифасига киради.

“В.Голишевнинг ҳукумат аппаратига ўтказилишидан ички ўйинларда президент девонининг ютиш имкониятини янада кўтариш мақсади бўлиши мумкин. Шунингдек, Андижон воқеалари ҳукуматни халққа томон маълум бир қадам ташлашга мажбур қилади. Шу пайтгача президентнинг иқтисодий дастурларини тайёрлашга раҳбарлик қилиб келган В.Голишевнинг ислоҳотларнинг бевосита ижрочиси сифатида иш бошлаши шундан далолат беради”, - деди таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG