Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:09

Голишевдан нима кутиш мумкин?


Шайбон Ўзбекистон президентининг яқин одамларидан бири сифатида эътироф этилаётган Вячеслав Голишевнинг бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири лавозимига ўтказиши қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти.

Маълумотларга кўра, В.Голишев бир вақтлар Стратегик тадқиқотлар институтини бошқарган, узоқ йиллар президентнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. У Ўзбекистон раҳбарининг иқтисодий маърузаларини тайёрлаб берган, кўплаб иқтисодий дастурларни тайёрлашга бош-қош бўлган.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, В.Голишевнинг янги лавозимга тайинланиши тўғри қадам. Чунки у иқтисодиёт соҳасидаги етакчи мутахассислардан бири ҳисобланади.

“У кучли назариётчи бўлгани сабабли амалиётни ҳам эплай олиши мумкин”, - деди Т.Йўлдошев.

Иқтисодчи Иброҳим Ҳакимов эса бу фикрларга қўшилмади ва В.Голишев узоқ йиллар ҳокимият органларида ишлагани, аммо илмдан йироқ шахслигини таъкидлади.

“Голишев бу соҳани бошқара оладиган шахс эмас. Ўзбекларда чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деган мақол бор. Шунинг учун кадр танлашда, айниқса, шундай масъулияти соҳага раҳбар тайинлашда яхши мутахассислигига эътибор қаратиш керак”, - деди иқтисодчи.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев ҳам В.Голишев кўпроқ кабинет одами экани, бироқ бошқарув қобилиятига эга эмаслигини айтди.

Унинг таъкидлашича, В.Голишев узоқ йиллар президентга садоқат билан хизмат қилиб келган шахс. Янги лавозимга ҳам президентнинг бевосита кўрсатмалари асосида иш олиб бориш, давлат раҳбарининг бошқарувда ягона монополиячи бўлишига имкон яратиш учун қўйилган.

“В.Голишев президентнинг ҳукумат бошқарувига аралашувини янада кучайтиришга хизмат қилади, холос. У бундан бошқасига ярамайди”, - деди Б.Мусаев.

Т.Йўлдошевнинг билдиришича, ҳукуматда ким бўлишидан қатъи назар, барчаси президентнинг кўрсатмасини бажарди. Ҳозирги шароитда сиёсатни, ижтимоий-иқтисодий шароитни яхши биладиган одам ислоҳотларнинг боришини бошқариши мумкин, деган хаёлда президент В.Голишевни янги лавозимга қўйган бўлиши мумкин.

Б.Мусаев Т.Йўлдошевнинг фикрларини рад этиб, ҳукумат тепасидаги бундай ўзгариш бирор янги натижа беришига ишонмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳукумат ҳеч қандай жавобгарликка эга эмас, ҳеч ким олдида изоҳ бермайди, фаолиятида ошкоралик йўқ. Шундай механизм мавжуд экан, ўнта вазир алмашса ҳам вазият ўзгармай қолаверади.
XS
SM
MD
LG