Линклар

Бугун Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жон сақлаб турган 400 нафардан зиёд ўзбекистонлик қочқинни учинчи мамлакатга кўчириш жараёни бошланди.


27 июль куни эрталаб Сузоқ туманида жойлаштирилган қочқинларни автобусларда Жалолобод аэропортига таший бошладилар. Қочқинларнинг бир гуруҳи Як-40 ва АН-2 учоқларида Бишкекнинг Манас аэропортига етказилди.
Радиомиз мухбирларининг хабар қилишича, 27 июль куни Жалолободдан Бишкекка қочқинлар лагеридаги эркаклар кўчирилди.
Қочқинларни кўчириш билан боғлиқ барча юмушлар хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган ҳолатда амалга оширилмоқда. Қочқинлар билан ҳатто мухбирларнинг мулоқот қилишига йўл қўйилмаяпти.
Қочқинлар қайси мамлакатга олиб борилади? Бу саволга 27 июль куни жавоб топишнинг сира иложи бўлмади.
БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг Қирғизистондаги миссияси раҳбари Карлос Заканини 27 июль куни журналистлар билан мулоқот чоғида бундай деди:
- Биз ҳозирча бу маълумотни (қочқинларнинг қайси мамлакатга юборилишини) ошкор қилолмаймиз. Мезбон давлатлар буни биздан илтимос қилди. Масала қочқинлар хавфсизлиги билан боғлиқ бўлгани учун журналистлар тушунади, деб ўйлайман.
Озодлик мухбирининг хабар қилишига қараганда қочқинларнинг Бишкекка етказилган қисми Қирғизистон республикаси Экология ва фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус биносига жойлаштирилди. Қочқинларнинг журналистлар билан учрашишига рухсат берилмаяпти.
Малумотларга қараганда 400 нафардан зиёд қочқиннинг ярмидан кўпи Бишкекка етказилган.
XS
SM
MD
LG