Линклар

Мухолифат вакилларига ватанни тарк этиш таклиф қилиняпти


Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати томонидан турли таъқиб-тазйиқларга учраган наманганлик икки нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ватанни тарк этишга мажбур бўлди.

Булар шоир ва журналист Ризо Обид ҳамда “Бирлик халқ ҳаракати” партияси ва “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Поп тумани бўлимлари раиси Ҳайитғофир Қўзиевдир. Улардан бирининг устидан Миллий хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси жиноят иши қўзғатган бўлса, иккинчисига ҳуқуқ-тартибот органлари қамаб қўйиш билан муттасил пўписа қилиб келган.

“Бирлик” партиясининг наманганлик фаоли Олимжон Юнусов ҳукумат органларининг хатти-ҳаракатлари мухолиф фикрловчиларни хорижга кетишга мажбур қилаётганини таъкидлади.

“Ўзлари “Нексия”да юради. Мен ҳам 1,5-2 миллион сўмга бундан йигирма йил олдин чиққан машина олган эдим. Шу машинани чет элдан келган пулга олганим тўғрисида гап тарқатилди. Қишлоқдаги ўнлаб одамлар мендан ростдан ҳам хориждан пул олиш-олмаслигимни сўраяпти. Деҳқончилик қилиб, мол боқиб топган пулимизни ҳам бошқа жойдан келганга йўйиб, мустақил фикрли кишиларни обрўсизлантиришга уриниш бўляпти. Бу ҳолатлар одамларнинг иззат-нафсига тегиб, улар мамлакатни ташлаб чиқиб кетяпти”, - деди О.Юнусов.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ҳам шу вилоятдаги мухолифат вакилларидан бир нечаси Андижон воқеаларидан кейин мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани, аммо ҳозирча уларнинг исмини ошкор қилмаслигини билдирди. Улар қочқин мақомини олишга ҳаракат қилмоқда.

Фарғоналик 72 ёшли Обиджон Ғойибов ҳам бир неча марта хорижга кетиш ҳаракатида бўлган.

“Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, - дейди О.Ғойибов. - Ўзбекистонда эркин меҳнат қилишга имконият йўқ. Қолаверса, бу ерда ҳақиқатни гапирган одам жазоланади. Ҳақиқатни гапириб қўйиб, ўзим ҳам бир марта 4 ой МХХ ҳибсхонасида ўтирдим. Уйимга граната қўйиб қамашди. Юртдан кетай десам, ёшим ўтиб қолди”.

А.Эргашевнинг билдиришича, баъзи мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига ҳукумат органлари ходимлари томонидан ватанни тарк этиш таклиф қилиниши ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Уларнинг хорижга кетишидан бу органлар манфаатдордир.

Бирликчи Олимжон Юнусовнинг фикрича, мухолифатчилар ҳар қандай шароитда ҳам ватанни тарк этмаслиги керак. Зеро, халқ учун ҳозирги қийин шароитда мухолифатни ҳукуматга таъсир ўтказа оладиган кучга айлантирибгина муваффақиятга эришиш мумкин.
XS
SM
MD
LG