Линклар

Мухолифат халқаро ташкилотлардан ёрдам сўрамоқда


Тўлқин Хориждаги ва мамлакат ичкарисидаги ўзбекистонлик сиёсий мухолифат аъзоларидан бир гуруҳи қамоқхоналарда сақланаётган маслакдошларининг озод этилишига ёрдам сўраб БМТ, Европа парламенти ва бошқа халқаро ташкилотларга мактуб йўллади.

Мактубда озод этилишига ёрдам бериш сўралган сиёсий маҳбуслар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари рўйхатида 10 йилдан ошиқ Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётганлар ҳам, Андижон воқеаларидан кейин ҳибсга олинганлар ҳам бор.

Рўйхатдагиларнинг аксарияти Андижон воқеаларидан кейин ҳибсга олинган бўлиб, улар орасида “Бирлик” партияси раҳбарларидан Ҳамдам Сулаймонов ва Акбар Орипов, ҳуқуқ ҳимоячиларидан Мусажон Бобожонов, Нурмуҳаммад Азизов, Норбой Холжигитов, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Дилмурод Муҳиддинов, Муҳаммадқодир Отахонов бор.

Мактубда Ўзбекистон президентидан рўйхатда номлари келтирилган шахсларнинг зудлик билан озод этилиши, эрксевар фуқароларга нисбатан қатағон тўхтатилиши талаб қилинади.

Мактубга имзо чекканлар бири, “Бирлик” партияси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Холиқназар Ғаниевнинг сўзларига қараганда, бу талабнома Андижон воқеаларидан кейин мухолиф фикрли кишиларга нисбатан таъқиб ва тазйиқлар кучайгани сабабли ёзилган. Бу фожеадан сўнг ҳибсга олинганларнинг барчасига тўқима айблар қўйилган.

Мактубдаги рўйхатда “Эрк” партиясининг бир неча йиллардан буён қамоқда сақланаётган аъзолари номлари ҳам бор.

Партия бош котиби Отаназар Ориповнинг айтишича, эркчилардан Мамадали Маҳмудов, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев ва бошқалар узоқ йиллардан буён қамоқда ўтирибди. Шу пайтгача бедарак бўлган эркчилар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG