Линклар

logo-print

27 июл куни 400дан зиёд ўзбекистонлик қочқинни учинчи мамлакатга кўчириш жараёни бошаланган ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидаги қочқинлар лагеридан Бишкекдаги Манас аэропортига кўчирилган

  • Фаррух Юсуфий

Улар ҳозир Манас аэропортида турибди. Олинган сўнгги маълумотларга кўра, Руминия ҳукумати қочқинларга вақтинча бошпана беришга розилик берган. Бироқ Ўшдаги ҳибсхонада қолаётган 29 ўзбекистонлик қочқиндан 15 нафарининг тақдири борасида музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда.

Руминия ҳукумати ўзбекистонлик қочқинлар учун ўз мамлакатида вақтинчалик бошпана беришга розилик берди. Бу ҳақда 28 июл куни Бухарестда ўтказилган матбуот анжуманида Руминия ташқи ишлар вазири Михай Разван баёнот берди.

“Бизнинг ёрдамимиз мутлақ сиёсий сабабларга асосланмаган. Чунки бу қарорни ўзбекистонлик қочқинларнинг оғир аҳволда қолгани учун қабул қилдик. Бизнинг бу қарорнинг сиёсий жиҳғатлари ҳам бор, чунки БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги қочқинларни кўчириш учун Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда хавфсиз бошпана топа олмаганидан сўнг, бу қарорни қабул қилдик. БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги мутахассислари Ўзбекистонда 2005 йил май ойидаги воқеалардан сўнг вужудга келган вазият туфайли Ўзбекистон фуқароларига қочқин мақомини беришга қарор қилди, шунинг учун ҳам улар халқаро ҳимояга мухтож”, - деди жумладан Руминя ташқи ишлар вазири.

Шундай қилиб, ўзбекистонлик қочқинларнинг 440 нафари 28 июлдан 29 июлга ўтар кечаси Руминияга кўчирилади. Бу ҳақда БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги матбуот котиби Астрид ван Грендерен Сторт Озодлик радиосига буларни айтди.

“Бишкек аэропотидаги 426 қочқин ҳамда ҳибсдаги 29 қочқиндан Қирғизистон расмийлари озод этишга розилик беран 14 нафари Руминияга кўчирилади. Ҳибсда қолаётган қочқинларнинг қолгани ҳам озод этилишига умид қиляпмиз ва буни яратгандан сўраяпмиз.”

БМТ вакилининг айтишича, Қирғизистон расмийлари қочқинларнинг 15 нафарини озод этишга ҳозирча розилик бергани йўқ. Бироқ уларнинг тақдири борасида музокаралар олиб борилмоқда.

“Биз бу 15 қочқиннинг тақдиридан хавотирдамиз. Қирғиз расмийлари уларнинг ишларини ўрганиб чиқиш учун Бишкекда қолдиришни ва Ўзбекистонга қайтариб юбормасликни ваъда қилишди. Шунга қарамасдан биз хавотирдамиз”, - дейди ван Грендерен Сторт.

Қирғизистон Бош вазир ўринбосари Феликс Қулов ҳибсда қолаётган қочқинлар масаласи халқаро қонунларга кўра ҳал этилишини таъкидлади.

“Қочқинларга оид 1951 йилда қабул қилинган конвенциянинг 32 моддасига кўра, бирор жиноятда айбланаётган шахсларни қайтариб юбориш масаласи маҳаллий суд органлари орқали ҳал этилади. Жиноятчиларни қайтариб беришни кўзда тутган Минск конвенциясига келсак, бу конвенцияда қочқинлар масаласини эмас, оддий жиноятчилар масаласини ўз ичига олади.”

Қирғизистон расмийсининг айтишича, Ўзбекистон бош прокуратураси қочқинларнинг 12 нафарини қайтариб беришни сўраган. Уларнинг тақдири ҳам суднинг қарорига кўра ҳал этилади, дейди Қулов.

Халқаро Хюман райтс уотч ташкилоти вакили Ҳолли Картнернинг озодлик радиосига айтишича, бошқа халқаро меъёрларга қочқинлар ҳеч қандай шароитда Ўзбекистонга қайтарилмаслиги лозим.

“Ўзбекистон узоқ вақтлардан бери ўзининг сиёсий рақибларига нисбатан систематик равишда қийноқларни қўллагани билан танилган. Қийноқларга қарши конвенция эса қочқин мақоми берилганми ёки йўқми, бундан қатъий назар ҳеч кимни Ўзбекистон каби, қийноқларни қўлловчи мамлкатга қайтаришни ман этади”, - дейди Картнер.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз Қирғизистон ҳам Қийноқларга қарши конвенцияга қўшилган.

Хюман райтс уотч вакилининг айтишича, Қирғизистондаги ўзбекистонлик қочқинларнинг бирортаси ўз ватанига қайтарилса, улар шубҳасиз қийноққа солинади.

“Қирғизистонда жон сақлаётган ўзбекистонлик қочқинлар Ўзбекистонга қайтариб юборилса, уларни қийноқларга солишади, ҳатто бундан ҳам баттарроқ тақдир кутиши мумкин уларни. Хюман райтс уотч ва БМТ Ўзбекистон бўйича охирги 10 йил ичида тўплаган хужжатларга кўра, Ўзбекистонда қийноқлар систематик равишда қўлланади.”

Шунинг учун, дея давом этади, Ҳолли Картенр, халқаро ҳамжамият Қирғизистон ҳукуматини қочқинларни Ўзбекистонга қайтармасликка кўндириши лозим.

Айтиб ўтганимиздек, тақдири ҳозирча ноаниқ қолаётган 15 қочқин борасида музокаралар олиб борилмоқда. Бу музокаралар 15 қочқин учун ижобий якунланишига умид борми, деган саволга БМТ вакили ван Грендерен Сторт бундай жавоб берди.

“Самолёт жума куннинг дастлабки соатларида Руминияга учиши режалаштирилган. Бу самолётда ҳибсдаги 29 қочқиннинг ҳаммаси учун жой бор. Шунинг учун улар ҳам, ёки ҳеч бўлмаганда 25 нафари ана шу самолётда учиб кетишига умид қиляпмиз.”

БМТ вакилига кўра, қочқинлар Руминияда бир неча ҳафта бўлиб, у ердан бошқа мамалкатга олиб борилади.

“Руминияда қочқинлар билан уларни бошқа мамлакатга турғун яшаш учун кўчириш мақсадида суҳбат ўтказишади. Бу жараён иложи борича тезроқ якунланиши ва Руминия ҳукуматига ортиқча ташвиш келтирмаслигига умид қиламиз. Ҳар нечук, биз қочқинлар билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммамизга оламиз ва қочқинлар иложи борича тезроқ Руминиядан кўчирилишига ҳаракат қиламиз”, - дейди БМТ вакили.

Руминия ташқи ишлар вазирининг баёнотида, қочқинларни Руминиядан кўчириш кўзда тутилаётган мамлакатларга АҚШ, Канада, Дания ва Голландия киради.

Айни пайтда, АҚШ Давлат департаменти Руминия ҳукуматининг ўзбекистонлик қочқинларга вақтинча бошпана бериш ҳақидаги қарорини олқишлади. Давлат департаменти эълон қилган баёнотда, Руминия яна бир бор халқаро қонунларни ҳурмат қилишини кўрсатгани айтилади ҳамда Руминия ҳукуматига миннатдорчилик билдирилади.
XS
SM
MD
LG