Линклар

Ивановода ҳисбга олинган ўзбеклар пахта савдоси билан шуғулланган

  • Садриддин Ашур

Россиянинг Иваново шаҳрида шу йил 18 июнь куни ҳибсга олинган ўзбеклар пахта савдоси билан шуғулланувчи “Ростекс” фирмаси раҳбарлари ва хизматчилари экани маълум бўлди.

“Курсив Иваново” Интернет газетаси бош муҳаррири Владимир Рахманьковнинг “Озодлик” радиосига айтишича, яқин вақтларгача “Ростекс” Ивановодаги тўқимачилик комбинатларига пахта етказиб берадиган катта фирмалардан бири бўлган. Фирмада ишлаётганларнинг деярли ҳаммаси андижонлик ва фарғоналик ўзбеклардир. 18 июнь куни Иваново милицияси фирма раҳбари ва хизматчиларидан 13 нафарини, бир ҳафтадан сўнг эса яна бир кишини ҳибсга олган.

“Бу шахслар Ўзбекистон Бош прокуратураси сўрови асосида ҳибсга олинган. Улар Андижон воқеаларига боғлиқ энг даҳшатли жиноятлар, яъни одам ўлдиришдан тортиб, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш каби жиноятларни содир этишда айбланмоқда”, - деди В.Рахманьков.

В.Рахманьков бу айбловлардан таажжубда эканини билдирди. Унинг айтишича, Андижон воқеалари юз берган пайтда бу одамларнинг ҳаммаси Иваново шаҳрида ёки умуман Россияда бўлган.

В.Рахманьков фирма раҳбарияти ва ходимлари Андижондаги мухолифатни қўллаб-қувватлашда гумон қилинаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Маълум бўлишича, ҳибсдагиларнинг бирортасига шу пайтгача жиноий айблов эълон қилингани йўқ. Россия Бош прокуратураси бу шахсларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини ҳал этгунча, уларнинг тақдири аниқ бўлмайди.

“Россия Бош прокуратураси уларни экстрадиция қилишга рухсат бермаслиги мумкин, - деди В.Рахманьков. - Чунки улар Россия ҳудудида ҳеч қандай жиноят содир этгани йўқ. Мабодо экстрадиция тўғрисида қарор қабул қилингудек бўлса ҳам адвокатлар бу қарор юзасидан барча суд инстанцияларига шикоят қилади. Бу ҳам иш бермаса, Страсбургдаги халқаро жиноят судига мурожаат қилинади”.

В.Рахманьков бу шахсларга сиёсий қочқин мақоми берилса, Россия Бош прокуратураси қарори инобатсиз қолиши ҳам мумкинлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG