Линклар

Хоразм қовунига қирғин келди


Бир пайтлар мағрибдан машриққача машҳур бўлган Хоразм қовунларининг айрим навлари воҳада полиз пашшаси пайдо бўлгандан кейин йўқолиб бормоқда.

Бу йил ҳам воҳадаги полизларга мазкур зараркунанда ҳужум қилмоқда. Сўнгги уч йил давомида Хоразмда полиз пашшаси пайдо бўлгач, баъзи хўжаликлар қовун экишдан бутунлай воз кечди.

Мутахассисларнинг билдиришича, полиз пашшаси Хоразмга жанубий мамлакатлардан кириб келган. Бу зараркунанда қовун тугунаги муштдек бўлганда унинг устига тухум қўяди. Тухумдан чиққан қурт қовун мағзини еб, унинг уруғи томон ҳаракатланади. Пайдо бўлган тешиклардан кирган ҳаво қовуннинг бузилишига олиб келади.

Бир пайтлари қўшни вилоятларни ҳам қовун-тарвуз билан таъминлаган хоразмликлар сўнгги йилларда, асосан, бошқа жойлардан келтирилган полиз экинларини харид қиляпти.

Сурхондарёлик Икром Йўлдошев ҳар йили Урганч бозорига қовун олиб келиб сотади.

“Бу ерда Сурхондарё қовунига талаб катта. Биз томонда қурт йўқ”, - дейди у.

Вилоят ўсимликлар карантини инспекцияси бошлиғи Султонбой Қаландаров сўзларига кўра, кимёвий препаратлар билан ишлов бериш орқали қовун хосилини сақлаб қолиш мумкин.

Урганч туманининг Бекабод қишлоғида яшовчи Ботир Олимов 2 гектар ерга плёнка остига қовун-тарвуз эккан. Унинг айтишича, кимёвий препаратлар билан ишлов бергани сабабли полизига қурт тушмаган. Қовунни эккандан кейин тугунакка киргунча уч марта дори берган. Ундан кейин ҳам далага аммофос ва селитра солади.

Бироқ кимёвий ўғит ҳаддан ташқари кўп берилиб, қовун истеъмолга яроқсиз бўлиб қолиши ҳам кузатиляпти.
XS
SM
MD
LG