Линклар

Ўзбеклар қирғизларга миннатдорлик билдирди


Турғунбек Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари андижонлик қочқинларнинг учинчи мамлакатга кўчирилиши муносабати билан Қирғизистон ҳукумати ва халқига, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга миннатдорлик билдирди.

Миннатдорлик мактубига Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти, “Демократлар давраси”, “Мустақил маҳалла”, “Мазлум”, “Озод аёл” каби нодавлат ташкилотлар вакиллари, пенсионерлар, ўқитувчилар имзо чеккан.

Мактубда қочқинларни қабул қилгани ва уларнинг эсон-омон учинчи мамлакатда чиқиб кетишига имкон бергани учун Қирғизистон ҳукумати ва халқига миннатдорлик билдирилиб, “ҳукмдорлар ва диктаторлар келиб-кетавериши, аммо халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик сақланиб қолиши”га урғу берилади.

Мактубда БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссари бошқармаси, ЕХҲТ, “Фридом ҳаус”, “Ҳьюман райтс уотч”, Халқаро Хельсинки федерацияси, Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти ҳамда бошқа халқаро ташкилотларга алоҳида миннатдорлик билдирилади.

Мактубга имзо чеккан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг сўзларига қараганда, Қирғизистон бошқа мамлакатларга ўрнак бўлгулик иш тутган ва ўзининг инсон ҳуқуқларига содиқлигини намойиш этган.

“Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистонни турли йўллар билан сиқувга олишга ҳар қанча ҳаракат қилса-да, қирғизлар андижонлик қочқинларни учинчи мамлакатга жўнатиб юборгани алоҳида миннатдорлик билдиришга арзийди. Қочқинлар ҳақиқий гувоҳлар. Агар халқаро трибунал бўлса, энди Андижондаги хунрезликлар бўйича Каримовга қарши беш юзга яқин гувоҳ бор”, - деди Е.Урлаева.

Миннатдорлик мактубида андижонлик қочқинларни қабул қилаётган давлатларга ҳам раҳмат айтилади ҳамда бу мамлакатлар халқи ва ўзбек халқи ўртасида дўстона алоқалар ривожланишига умид билдирилади.
XS
SM
MD
LG