Линклар

Элчи жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари аҳволидан хабар олди

  • Барно Анвар

1 август куни Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэвид Моран Жиззах вилоятига бориб, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, фермерлар ва мустақил журналистлар билан учрашди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Андижон воқеаларидан сўнг маҳаллий ҳукумат органлари таъқиби ва таъна-маломатлари остида қолган жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан вилоятга бориб хабар олган илк хорижий дипломат айнан Д.Моран бўлганини эътироф этмоқда.

Зеро, сўнгги 2,5 ой давомида жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистларнинг ҳибсга олингани, калтаклангани ва вилоятдан чиқариб юборилгани кузатиляпти. Хусусан, бир ойча муқаддам ҳуқуқ ҳимоячиларини қувиб юборишга даъват қилиб, Жиззах вилоят ҳокимлиги сафарбарлиги билан 3 минг кишилик намойиш ўтказилганди.

Элчихона вакиллари Д.Мораннинг сафаридан асосий мақсад ҳам вилоятда ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистларга бўлаётган тазйиқлар ва бу ердаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият билан яқиндан танишиш эканини тасдиқлади. Бироқ янада тўлиқ маълумотни фақатгина элчининг ўзидан олиш мумкинлигини, у ҳали сафардан қайтмаганини билдирди.

Учрашувда иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, элчи билан деярли икки соат давомида бу ердаги фермерлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистларнинг аҳволи хусусида атрофлича суҳбат қурилган.

Маълум бўлишича, Британия элчиси билан учрашув туфайли жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари яна сиқувга олинган.

Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Жиззах вилояти бўлими раиси Зиёдулла Раззоқов ички ишлар идоралари вакиллари томонидан йўли тўсилгани, аммо ҳамроҳлари билан бир амаллаб учрашувга етиб келгани билдирди. Унинг айтишича, учрашувдан кейин Зарбдор тумани ички ишлар бўлими раҳбарлари баъзиларни бўлимга чақиртирган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов эса ИИБга олиб кетилган.

Элчи билан учрашув Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими идорасида бўлиб ўтди. Бўлим раҳбари Б.Ҳамроевнинг билдиришича, учрашувдан 2-3 кун аввалоқ бу ерда ҳуқуқ-тартибот органлари кучли кузатув ва назорат ташкил этган. Пахтакор туманилик ҳуқуқ ҳимоячилари Саида Қурбонова ва Хуршида Тоғаева учрашув куни мазкур туман ИИБга олиб кетилгани тўғрисида хабар олинган.
XS
SM
MD
LG