Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Ўзбекистон америкаликларни Хонободдан ҳайдамоқда


Тўлқин Ўзбекистон ҳукумати АҚШдан Қашқадарё вилоятида жойлашган Хонобод ҳарбий базасидан ўз ҳарбий хизматчилари ва самолётларини олти ой ичида олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

Бу хабарни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан бу ҳақдаги дипломатик нота олинган ва ҳужжат Вашингтонга жўнатилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари бу нотага ҳеч қандай изоҳ билдира олмаслигини маълум қилди.

АҚШ Хонабод ҳарбий базасидан Афғонистондаги қидирув-қутқарув ва инсонпарварлик операцияларини амалга оширишда фойдаланиб келмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг яқинда Остонада бўлиб ўтган саммитида қабул қилинган декларацияда АҚШдан Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларини олиб чиқиб кетиш муддатини аниқлаштириш талаб қилинганди.

Шу муносабат билан 7 июль куни Ўзбекистон ТИВ тарқатган баёнотда айтилишича, Ўзбекистон томони АҚШ Қуролли кучлари контингентининг келгусида Ўзбекистон ҳудудида бўлишининг бошқа вариантларини кўриб чиқмаган. Шунингдек, АҚШ Хонобод учун ҳеч қандай тўловларни амалга оширмаган.

“Мана шу принципиал мулоҳазалар келгусида АҚШ ҳарбийларининг Хонобод аэродромида туриш-турмаслик масаласини муҳокама этиш чоғида асос қилиб олиниши керак”, - дейилганди ТИВ баёнотида.

Мазкур баёнотдан бир ой ҳам ўтмай, Ўзбекистон ҳукумати АҚШга ҳарбий контингентини 180 кун муддатда олиб чиқиб кетиш ҳақида кескин талаб қўйди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, талабнинг бу тарзда қўйилиши дўқ уриш билан баробар. Ҳолбуки, ҳар қандай ўзаро кескинликларни дипломатик каналлар орқали ҳал қилиш мумкин эди.

“Ҳукуматимиз АҚШга нисбатан эҳтиросли сиёсат юритмоқда. Бу талаб Ўзбекистон АҚШнинг таъсир кучини камайтиришга, у билан алоқаларни қисқартиришга жиддий киришганидан далолат беради”, - деди Т.Йўлдошев.

Сиёсатшунослар Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатидаги ўзгаришнинг баъзи жиҳатларига эътибор қаратмоқда. Биринчи жиҳат шуки, АҚШ ва Ғарб давлатлари Ўзбекистонни демократик ислоҳотлар олиб борилмаётгани ва инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани учун доим танқид қилиб келяпти. Бу эса, табиийки, Ўзбекистон ҳукуматига ёқмади.

Иккинчи жиҳат, Т.Йўлдошевнинг айтишича, Ўзбекистон президенти Москвага бориб келгандан кейин расмий Тошкентнинг аксиламерика ҳаракатлари кучайиб кетди. Бу эса Ўзбекистон АҚШнинг Марказий Осиёдаги таъсир доирасини қисқартириш борасида Россия ва Хитой билан ўзаро келишувга эришганини кўрсатади.

“Ҳозирча Ўзбекистон ўз-ўзича Америкага ташланяпти. Ўйлайманки, Россия ва Хитой Ўзбекистон раҳбариятини, у ўйлаганидек, охиригача қўллаб-қувватламайди. Чунки уларга ҳам АҚШ билан қарама-қаршиликнинг кераги йўқ”, - деди Т.Йўлдошев.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Хонобод ҳарбий базаси билан боғлиқ масалани Андижон воқеалари призмасида кўриш лозимлигини таъкидлади. Зеро, Ғарб давлатларининг Андижон воқеаси юзасидан халқаро текширув ўтказиш тўғрисидаги талаблари Ўзбекистоннинг АҚШдан юз ўгиришига замин яратди.
XS
SM
MD
LG