Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:10

Ўзбек қочқинларидан 50 дан ортиғи Ўзбекистонга қайтарилган


Тўлқин Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Бакир ўғли Андижон воқеаларидан кейин мамлакатдан вақтинча бошпана топган ўзбек қочқинларидан 50 дан ортиғи турли йўллар билан Ўзбекистонга олиб кетилганини билдирди.

Аввалроқ Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги мамлакат Омбудсмани девони маълумотларига таяниб Ўзбекистон хавфсизлик кучлари қочқинларни мажбуран қайтаришга ҳаракат қилгани тўғрисида тарқатган хабари анча шов-шувга сабаб бўлган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати “Кабар”га раддия баёноти берганди.

Баёнотда шу йил “5 июнь куни Ўзбекистон МХХ ходимлари томонидан Қирғизистондаги ўзбекистонлик қочқинларни мажбуран олиб чиқиб кетишга уриниш бўлгани” тўғрисида 27 июль куни “Кабар” тарқатган маълумот рад этилади.

“Ўзбекистон Республикаси МХХ, шунингдек, республикамизнинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Қирғизистон Республикасининг тегишли тузилмалари билан ҳамкорлик соҳасида давлатлараро ва идоралараро икки томонлама битимларга ҳамда халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий амал қилган ҳолда фаолият юритади. МХХ ходимлари томонидан қўшни давлат ҳудудида ноқонуний хатти-ҳаракатлар 5 июнда ҳам, бошқа вақтда ҳам содир этилмаган. Қирғизистон Республикаси Омбудсмани матбуот хизматининг мазкур даъвоси уйдирмадан бошқа нарса эмас”, - дейилади МХХ баёнотида.

Баёнотда “Кабар” расмий ахборот агентлиги тарқатган хабар ғараз ниятли, масъулиятсизларча қўйилган қадам сифатида баҳоланади.

Қирғизистон Омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли “Кабар” тарқатган хабар юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлиб, қочқинларни қайтаришга уринишлар улар Қирғизистонга келганидан кейиноқ бошлангани билдирди.

“Мен ва ўринбосарларим қочқинлар билан бир неча марта учрашдик. Ўзбекистон хавфсизлик кучлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан келишган ҳолда қочқинлардан бир гуруҳини Ўшдаги ҳибсхонага қамаган. Бундан ташқари, 50 ортиқ қочқин турли йўллар билан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилган”, деди Т.Бакир ўғли.

Қочқинларни қайтаришга турли йўллар билан ҳаракат қилинаётгани ҳақида “Озодлик” радиоси илгари ҳам хабар берган эди. Хусусан, фарзандларини қайтариш учун қочқинлар лагерига борган андижонлик отахон бу ишга маҳаллий ҳокимият вакиллари, маҳалла, хўжаликлар раҳбарлари ва бошқа шахслар ҳам жалб қилинганини айтганди.

“Лекин ҳокимият вакиллари қочқинлар ватанига қайтса, уларнинг хавфсизлигини кафолатлашга кўнмаяпти”, - деган эди отахон.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ўзбек қочқинлари Қирғизистондан Руминияга кўчирилган.
XS
SM
MD
LG