Линклар

logo-print

Ўлим жазоси ҳақида турли фикрлар


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда 2008 йилдан ўлим жазоси умуман бекор қилинишига мамлакат аҳолиси турлича муносабат билдиряпти.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги мамлакатда оғир жиноятлар учун ўлим жазоси сақланиб қолиши тарафдори эканини маълум қилди.

“Халқига, миллатига хиёнат қилганлар, маняклар, террорчилар, бегуноҳ одамларни, ёш болаларни ўлдирганларга ўлим жазоси берилиши керак. Бундай одамларга инсонпарварлик нуқтаи назаридан қараш керак эмас”, - деди кўпгина суҳбатдошлар.

Айрим суҳбатдошлар эса ўлим жазосини бекор қилиш лозимлигини таъкидлади.

“Ўлим жазоси йўқ бўлиши керак. 30-40 йил ёки умрбод қамасин. Ўшанда уларнинг умри фойдали иш билан ўтиб кетади”, - дея фикр билдирди бу тоифадаги кишилар.

Жамиятшунос Баҳодир Чиғатойнинг фикрича, ҳали Ўзбекистон жамиятида ўлим жазоси тўғрисида етарли хулосага келадиган шароит яратилмаган.

“Менинг назаримда, нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам бу жазони бекор қилишга ҳозирча эрта. Мафия, коррупция, порахўрлик, яккаҳокимлик бор жойда ҳеч қачон инсонпарварлик жамияти бўлмайди”, - деди жамиятшунос.

Бухоролик тақводор аёл Озода Рафиқова ўлим жазоси бекор бўлишини ижобий қабул қилишини, аммо ҳақиқатан ҳам ўта хавфли жиноятчиларни кечирмаслик кераклигини таъкидлади.

“Менинг хабарим бор, жуда кўп кишиларнинг айби исботланмай туриб, улар қатл этилган. Бу жазони иложи бўлса ҳозирдан бекор қилиш керак. Ҳукуматимиз айби исботланмаган кишиларни ҳам бемалол ўлдириб юбораётгани бор гап”, - деди О.Рафиқова.
XS
SM
MD
LG