Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

Қашқадарё ҳокимининг ўрнаги


Фирдавс “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган қашқадарёликлар кўпроқ “Қашқадарё” газетасини ўқиши, вилоят ва Қарши шаҳри телевидениесини томоша қилишини билдирди. Аммо улар вилоятдаги оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишлар камлигидан қониқмаслигини таъкидлади.

“Жамиятимизда ёритилиши керак бўлган мавзулар кўп. Газеталаримиз ҳам, телевидениемиз ҳам ҳали бу борада кўп иш қилиши керак”, - дейди суҳбатдошлар.

Ўтган ҳафтада “Қашқадарё” газетасида одатдаги қишлоқ ҳаёти ва саноатга доир мақолалар билан бир қаторда “Ўзбекистон овози” газетасидан журналист Сафар Остоннинг “Демократия ва бозор тамойиллари барчага баробар эмасми?” мақоласи кўчириб босилди. Унда Америка ҳарбийлари жойлашган Хонобод базаси ва унинг оддий кишиларга зарари ҳақида расмийлар ҳамда аҳолининг фикрлари берилган. Келтирилган зарарлар санаб ўтилар экан, минглаб қашқадарёликларнинг Америка ҳарбий базаси туфайли ишлик бўлгани ва яхшигина маош олиб келаётгани ҳақида негадир ҳеч нарса дейилмайди. С.Остон “Андижон воқеаларидан бир ҳафта илгари бу ерга етиб келган” Ғарб журналистларининг хонободликларнинг уч йилдан буён арз-дод қилиб келаётганига эътибор қаратмай келганини танқид қилади ва “бу муаммони кўтариш уларнинг манфаатларига тўғри келмайди”, дея хулоса чиқаради.

Аммо бу муаммоларни уч йилдан буён нега маҳаллий матбуот кўтариб чиқмагани борасида С.Остон лом-мим демайди.

Ўтган ҳафтада Қашқадарё ҳокими Нуриддин Зайниевнинг вилоят телевидениеси орқали “Ҳокимлик соати” тўғридан-тўғри телемулоқотига чиқиб, аҳолининг саволларига жавоб қайтаргани кўпчиликнинг эсида қолди. Ҳоким аҳолининг ичимлик сув, транспорт, таълим ва бошқа соҳалардаги саволларига жавоб қайтарди.

Хусусан, Н.Зайниев аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётган газ танқислиги масаласига ҳам тўхталиб, жорий йилда бундай муаммони енгиллаштириш учун баъзи жойлар кўмир билан таъминланишини билдирди.

У вилоятда ичимлик сув масаласи 2007 йилда ҳал бўлишини, лекин айрим муаммолар борлигини таъкидлади. Хусусан, бу лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки 15 миллион доллар ажратган. Лойиҳа шартига кўра Ўзбекистон томони ҳам шунча маблағ ажратиши лозим. Лекин бу маблағни ажратишда муаммолар бор.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Қашқадарё ҳокими томонидан амалга оширилган телемулоқотни маълум маънода олқишлаш мумкин. Зеро, нафақат бошқа вилоятлар ҳокимлари, балки Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ҳам бундай мулоқотга боришга ботинмай келаётир.
XS
SM
MD
LG