Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:52

Танқидий мақола бор, ундан наф йўқ


Хоразмликларнинг аксарияти вилоятда чиқадиган газета ва журналларни умуман ўқимаслигини билдиради. Улардан бири шифокор Комилжон Абдуллаевдир.

“Мен газета ва журналларни унча ўқимайман. Чунки улардан жуда кам маълумот олиш мумкин. Вилоятдаги янгиликлар ҳақида ҳеч нарса йўқ”, - дейди шифокор.

Яна бир суҳбатдош Ҳусан Эрматовнинг сўзларига қараганда, расмий ва мадҳиябозлик руҳидаги мақолалар кўплиги учун ҳам одамлар газеталарни ўқимайди.

Баъзи суҳбатдошлар эса вилоятда чиқадиган газеталарнинг айримларида воҳа аҳлининг ижтимоий муаммолари акс этган танқидий мақолалар сони кўпайиб бораётганини билдирди.

“Янгибозор кўзгуси” газетасининг жорий йилдаги 15-сонида эълон қилинган “Сўнгги қўнғироқми ёки ўқувчини талаш?” сарлавҳали мақолада Янгибозор туманидаги 26-мактаб маъмурияти таълим даргоҳини таъмирлаш баҳонасида ўқувчилардан пул йиққани ҳақида ёзилади. Шунингдек, ўқитувчиларнинг битирувчи ўқувчилардан турли қимматбаҳо совғалар олиш одати танқид қилинади.

“Ўзга юртдан бахт излаганлар ёхуд раққоса қизларнинг хориждаги аянчли қисмати” сарлавҳали мақола “Осойишталик учун” газетасида эълон қилинган. Мақолада вилоятда ҳам аёллар савдоси билан шуғулланувчилар борлиги, улар аёлларни алдаб, хорижга олиб бориб фоҳишалик қилишга мажбурлаш ҳолатлари ҳақида ёзилади.

“Нега чорва ҳақида, чорвадорлар ҳақида кам гапирилади? Улар маҳсулот етиштиряптими ўзи? Гўшт, сут, тухум нега қиммат?”, - деб ёзади Гулнора Матмуродова “Урганч ҳақиқати” газетасидаги “Чорва ҳолига не бўлди?” сарлавҳали мақоласида. “Партиялар фаолми?” мақоласида эса Урганч туманида фаолият кўрсатаётган партияларнинг баъзиларида фаоллик камлиги таъкидланади.

Фермерлик муаммолари ҳам кўпгина газеталарда ёритилаётганини кузатиш мумкин. Аммо айни пайтда уларни қийнаётган яна бир муаммо – полиз пашшаси тўғрисидаги мақолалар туман газеталарида деярли учрамайди. Фақат “Хоразм ҳақиқати” газетасида бу ҳақдаги бир неча мақола эълон қилинди. Бироқ газета кам нусхада босилиши инобатга олинса, аҳоли ҳали ҳам қовун пашшасига қарши кураш чораларидан бехабар қолаётгани ойдинлашади.

“Ҳазораспнома” газетасининг шу йил 7-сонида босилган “Лоқайдлик қачонгача” мақоласида туман буюм бозорида санитария гигиена қоидаларига мутлақо амал қилинмаётгани, жумладан, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон савдога чиқарилгани, бозор ҳудуди ўта ифлослиги, бу ҳолат аҳоли ўртасида турли касалликларни келтириб чиқараётгани танқид қилинади. Бу мавзу “Хоразм ҳақиқати” газетасининг 51-сонида ҳам кўтарилган. Унда Урганч деҳқон бозоридаги камчиликлар танқид остига олингани, лекин бу танқид инобатга олинмаётгани ҳақида ёзилади.

Хоразмлик журналист Эрпўлат Бахтнинг фикрича, мутасаддиларнинг газетадаги танқидга бефарқ қолиши одатий ҳолга айланмоқда. Яъни танқиддан наф бўлмаётир.
XS
SM
MD
LG