Линклар

АҚШ элчихонаси вакили Жиззахда


Турғунбек 4 август куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби Барон Лубстейн Жиззах вилоятида бўлиб, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашди.

Учрашув Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг уйида бўлиб ўтди.

Б.Ҳамроевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, учрашувда Андижон фожеасидан кейин Жиззах вилоятида инсон ҳуқуқлари бўйича вазият, фермерлар ва мустақил журналистлар фаолияти муҳокама қилинган.

Б.Ҳамроев элчихона вакили билан учрашувга кўпчилик кела олмаганини билдирди. Улар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан мажбурий равишда ушлаб турилган.

“Ҳали элчихона вакили келмасиданоқ уйимнинг атрофи ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўраб олинди. Бошқа уйларга келаётганлар ҳам бизнинг кўчага текшириб ўтказилди. Бу ҳаракатларни вилоят ички ишлар бошқармаси терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Олимжон Қосимов ва Жиззах шаҳри ИИБ бошлиғи Эркин Ҳусанов бошқариб турди”, - деди Б.Ҳамроев.

Жиззах туманилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмур Азимов ҳам учрашувга етиб кела олмади. У туман ҳокими Суннат Ўроқов ва ИИБ бошлиғи Баҳодир Қурбонов кўрсатмаси билан эрталаб соат 7 дан кеч соат 18 гача ушлаб турилди.

Б.Ҳамроевнинг билдиришича, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ўзлари билан учрашувга шахсан АҚШ элчисининг ўзи келиб кетишини илтимос қилган. Зеро, бу уларнинг фаолияти бироз енгиллашишига олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG