Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:23

Елена Урлаева абитуриентлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга киришди


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати маркази мамлакатдаги абитуриентлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кампаниясини бошлаганини эълон қилди.

Марказ тарқатган баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул борасидаги тартиб-қоидалар кириш имтиҳонларининг нохолис ва адолатсиз ўтишига имкон яратади. Шу сабабли абитуриентларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда.

Марказ раҳбари Елена Урлаева сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёни ва кириш имтиҳонлари ўтказилиши бўйича мавжуд тартиб-қоида ўз-ўзидан коррупцияга имкон беради.

“Бизга келиб тушган аризаларнинг аксариятида коррупциядан норозилик билдирилган. Имтиҳондан йиқилган абитуриентларнинг тест синовини юқори балга топшира олишга қодир экани ва кириш имтиҳони адолатсиз ўтгани тўғрисидаги арзлари беэътибор қолаётгани ҳақида мурожаатлари бизда жуда кўп. Биз шу мурожаатларни ўрганиб, қабул жараёнини зудликда қайта кўриб чиқиш керак, деган талаб билан чиқдик ва ўзимизнинг таклифларимизни билдирдик”, - деди Е.Урлаева.

Марказ илгари сурган талаблар қуйидагилардан иборат:

1. Ҳар бир абитуриент кириш имтиҳонида тўлдирган жавоб варақасидан бир нусха олиши ва бу нусханинг аслига тўғри экани қабул ҳайъати аъзоси томонидан имзо билан тасдиқланиши керак.

2. Кириш имтиҳонлари ўтиб бўлган заҳотиёқ ҳар бир абитуриентга тўғри жавоблар билан танишиш имкони берилиши керак.

3. Тест синовлари натижаларидан норози бўлган тақдирда абитуриент шикояти у кириш имтиҳони топширган олий ўқув юрти қабул ҳайъати томонидан кўриб чиқилиши керак.

4. Тест синовларида бериладиган саволлар мактаб дарсликлари доирасида бўлиши керак.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул бўйича мавжуд тартиб-қоидаларга кўра, тест синовларининг ўтказилиши тўлалигича Давлат тест маркази томонидан назорат қилинади ва кириш имтиҳонлари билан боғлиқ барча масалалар тест маркази томонидан ҳал этилади. Бошқача айтганда, олий ўқув юрти ўзи қабул қилиб олаётган талабанинг кириш имтиҳони юзасидан туғилган масалага мутлақо аралаша олмайди.

Давлат тест маркази вакили Қаюм Боймиров абитуриентларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан илгари сурилган бу таклифлар ноўрин эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, барча саволлар мактаб дарсликлари асосида тузилган. Бундан ташқари, тест саволларининг тўғри жавоблари туширилган варақалар нохолис қўлларга ўтиб кетмаслигини таъминлаш ҳам ўзига яраша сарф-харажатни талаб қилади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ота-оналар ва илмталабларнинг ўзлари ҳам абитуриентларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарур, деган фикрларга қўшилди.

“Ҳозир турли ноқонуний йўллар билан ўқишга кираётганлар кўп. Тест саволларини тегишли мутасаддилар тўғрилаб беради. Қолаверса, баъзи тест саволларига ҳаттоки ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам жавоб бера олмайди”, - деди абитуриент ва ота-оналар.
XS
SM
MD
LG