Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:27

Ўлим жазосига мораторий жорий этиладими?


Шайбон “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилоти Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан мамлакатда ўлим жазоси тўла бекор қилинадиган 2008 йилга қадар унинг ижросига мораторий жорий этишни сўради.

Ташкилот раҳбари Тамара Чикунова бу ҳақдаги мактубга президент жиддий эътибор қаратишига сидқидилдан умид қилишини билдирди.

“Зеро, бугун юзлаб одамларнинг кейинги тақдири президент Каримов бу сўровимизга нечоғлик жиддий қарашига боғлиқ. Биз давлат раҳбари ўлим жазосига ҳукм этилган шахсларга нисбатан қандайдир чора кўришини истар эдик. Ўлим жазосини буткул бекор қилишда унга мораторий жорий этиш ёки бундай ҳукм чиқаришдан тийилиш қоидасига амал қилиниши зарур”, - деди Т.Чикунова.

Ўзбекистон адвокатлари уюшмаси раҳбари ўринбосари Гулнора Эшонхонова Т.Чикунованинг фикрларига қўшилди. Унинг таъкидлашича, президентнинг 2008 йилдан ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги фармонига бу ҳужжат кучга киргунга қадар ўлим жазосига мораторий белгиланиши ҳақида банд қўшилса, янада яхши бўлган бўларди. Зеро, фармон кучга киргунча, қанча одам отиб ташланиши мумкин.

Т.Чикунова президент фармонида мораторий тўғрисида ҳеч гап йўқлиги хусусида фикр билдириб, мазкур ҳужжатга шарҳ эълон қилинмагунча, бу масала нега эътибордан четда қолдирилгани ҳақида мулоҳаза юритиш қийинлигини таъкидлади.

“Нима бўлганда ҳам шарҳда биз кўтариб чиққан масала эътиборга олиниши учун президент номига мактуб йўлладик”, - деди у.
XS
SM
MD
LG