Линклар

Президент қарорини нега ҳеч ким менсимаяпти?


Тўлқин Жорий йил февралда Ўзбекистон президентининг коммунал хизматлар учун тўлов тарифлари асоссиз оширилишига йўл қўймаслик чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори чиққан бўлса-да, ўтган 6 ой давомида бу тўловлар бир неча марта оширилди.

Хусусан, 29 июль куни бензин 5 сўм, электр энергияси эса 20 фоиз қимматлади. Кўплаб истеъмол моллари, ҳатто бозорлардаги полиз, сабзавот ва гўшт маҳсулотлари баҳоси ҳам ўтган йилгидан камида 25-30 фоиз ўсди.

“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси вакили электр энергия баҳоси оширилганини эксплуатация харажатлари қиймати кўтарилгани билан изоҳласа, “Ўзнефтмаҳсулот” компанияси ходими Бахтиёр Муқимов бензин нархи истеъмол солиғи ошгани сабабли кўтарилганини билдирди.

“Аслида бензиннинг ўз нархи ўтган йил августдан буён ўзгаргани йўқ. Аммо бензин баҳосига қўшиладиган истеъмол солиғи январь ва июнь ойларида беш сўмданга ошди”, - деди Б.Муқимов.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг фикрича, бозордаги нархнинг ўсишига, аввало, инфляция сабабчи. Яна бир сабаб шуки, ҳукумат муҳташам қурилишлар, армия, беҳисоб ҳуқуқ-тартибот ходимларига қилаётган харажатлари ўрнини қоплаш учун солиқларни ошириб боряпти.

Иқтисодчи Шоҳрух Файзиевнинг сўзларига қараганда, бензин ва электр энергияси нархларининг ошиши сабаби давлат томонидан бу соҳаларда ислоҳотлар ўтказилмай келинаётганидир.

“Аҳоли ўзи фойдаланган хизматлар учун тўловни амалга ошира олмаётир. Ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш учун маблағ керак. Кўриниб турибдики, бу муаммолар бир-бири билан боғлиқ”, - деди иқтисодчи.

Ш.Файзиев аслида нарх-наво бундан ҳам баланд бўлиши мумкинлиги, ҳукумат нақд пул айланишини сунъий камайтириш орқалигина баҳоларни маълум доирада ушлаб турганини билдирди.
XS
SM
MD
LG