Линклар

Андижонлик бир аёлнинг бугунги ҳаёти


Турғунбек 40 ёшлардаги, юзларига ажин тушган, юпунгина кийинган бу аёл андижонлик ўқитувчи. Тақдир синовларидан чарчаган аёл ўз исмини ошкор қилишдан танишларидан уялишини айтади.

Унинг етти фарзанди бор. Бештаси ўзиники, биттаси эрининг аввалги турмушидан. Битта қизчани боқиб олган. Эри, унинг айтишича, ноҳақ қамалган. Етти болани боқиш фақат ўзининг зиммасида. Фарзандларининг каттаси 17 ёшда, энг кичиги 4 ёшда.

Аёлнинг сўзларига қараганда, мактабда 15 минг сўм атрофида маош олади. Фарзандлари учун яна 13 минг сўмдан сал кўпроқ нафақа берилади. Яъни 28 минг сўмга етти фарзанди ва ўзини боқиши, қамоқдаги эридан хабар олиб туриши керак.

“Мактабдан кам дарс соати олганман. Чунки болаларга ҳам қараш керак. Бизнинг оила учун энг асосийси нон. Ундан кейин иссиқ овқат. Қийинчилик бўлгани сабабли катта ўғлим ёзги таътилда ишлашга мажбур бўляпди. Аввал дўстлари билан музхонада гўшт ташиди. Кечқурундан эртаси куни тушгача ишлагани учун ҳаммасига 6 минг сўмдан пул беришибди. Беш-олти кун шундай ишлагандан кейин йўталиб қолди. Буни кўриб ишга чиқармай қўйдим. Унга дори олиб беришга топган пулидан кўпроқ кетди”, - дейди аёл.

Ҳозир аёлнинг ўғли адирда дўстлари билан ғишт қуйяпти. Шу иши учун кунига 2-2,5 минг сўм ҳақ оляпти.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг айримлари ёзги таътил вақтида рўзғорини бирмунча тиклаш учун қўшимча иш олиб ишлайди. Аёлда эса бундай имконият йўқ. Чунки икки фарзанди тез-тез касал бўлиб туради. Уларга қараш керак.

Шунга қарамай, аёл қишда қўшимча иш қилишга уриниб кўрган. Болаларига қараб туриш учун бир кампирни ёллаб, дугонасининг маслаҳати билан савдо-сотиқ билан шуғулланмоқчи бўлган.

“Савдогарлик қиладиган дугонам билан қишда Қорасувга (Қирғизистондаги шаҳар) бориб, мол олиб келиб сотмоқчи бўлдим. Болалар иштончаларини олдим. Уни 450 сўмдан олиб, 500 сўмдан сотмоқчи эдим. Йўлда молимни божхоначилар олиб қўйиб, мусодара қилди”, - дейди аёл.

Аёл яшайдиган кўчанинг бошида бир йигит дўконда савдо қиларди. Аёл пулга қийналганда йигитдан нон-пон, йўлкира учун қарз олиб турарди. Энди бу дўконни ҳам беркитишган. Аёл худо ўзига шу имкониятни ҳам кўп кўрганини хўрсиниб гапирди.

“Ойига оладиганим 28 минг сўм нонимизга ҳам етмайди, - дейди аёл. - Ойига ноннинг ўзига 60 минг сўмча кетади. Уйдаги буюмларни сотиб, тирикчилик қиляпмиз. Уч йилдан буён шундай қийинчиликда яшаймиз. Эрим амнистияга тушиб, чиқиб келганида, балки бу муаммоларимиз ечилармиди!?”

Бугун аёлнинг 300-400 минг сўм атрофида қарзи бор. Бу маблағ ейиш-ичиш, эридан хабарлашиш учун майда-майда олиниб, шунча кўпайиб кетган. У қарздан қутулиш учун уйини сотишга ҳам тайёр. Кейин ёки онаси, ё қайнонасининг уйида яшаб турмоқчи.
XS
SM
MD
LG